Мактабгача таълим муассасаси мудираси фирибгарликка қўл урди

Шовот туманида яшовчи 33 ёшли Н.Ж. 2018 йил 15 майдан Шовот тумани мактабгача таълим муассасаси мудираси лавозимида ишлаб келиб, қонунда ўрнатилган талабларга зид равишда ўзи билан моддий жавобгарлик шартномаси тузилмаган бўлса-да, ўз хизмат ваколатлари доирасига кирмайдиган ҳаракатларни амалга ошириб, ходимларга нақд пулда иш ҳақларини тарқатиш билан шуғулланиб келган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

2019 йилнинг октябрь ойида хизмат хонасида ходимларнинг сентябрь ойи иш ҳақини тарқатаётганда уларга Шовот тумани мактабгача таълим бўлимида ҳисобчи, 53 ёшли Г.Й.нинг ўғли соғлиғи ёмонлашиб, жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун пул йиғиб бериш кераклигини айтиб, ходимлардан жами 915.000 сўм пулларини олиб қолиб, ушбу пул маблағларини гўёки Г.Й.га берганлигини ёлғондан айтиб, уларни алдаб, пулларни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Шовот тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида Н.Ж.нинг юқорида кўрсатилган хатти-ҳаракатларидан ташқари ходимлардан яна бошқа пул маблағларини олганлик ҳолатлари аниқланган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.