Самарқандда ноҳақ ишдан бўшатилган боғча мудираси МИБ ёрдами билан ишга тикланди
Бунгача кўҳна кентдаги 50-ДМТТда бўлган ҳолатга суд томонидан ҳуқуқий баҳо берилган.
Қайд этиш керакки, Конституциямизнинг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга экани мустаҳкамлаб қўйилган.
Фуқароларимизнинг ушбу конституциявий ҳуқуқлари амалдаги меҳнат қонунчилигида ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, қонунга кўра ҳеч ким асоссиз равишда ишдан бўшатилиши мумкин эмас. Аммо шунга қарамай, кундалик ҳаётда меҳнат билан боғлиқ низолар учраб турибди.
Шу ўринда мажбурий прогул — бу муайян ходим иш берувчининг айби билан ишлаш имкониятидан маҳрум бўлган вақт саналиб, у иш берувчининг айби билан юзага келиши мумкин. Бу ҳақда бежиз тўхталганимиз йўқ.
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2021 йил 23 июндаги қарорида фуқаро У.М.ни Самарқанд шаҳар мактабгача таълим бўлимига қарашли 50-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директори вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимига ишга тиклаш белгиланган.
Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида фуқаро У.М. Самарқанд шаҳар мактабгача таълим бўлимига қарашли 50-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директори вазифасини вақтинча бажарувчи лавозими вазифасига ишга тикланди.
Ўлмасжон Тўрақулов,
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси.