@zarafshonbot‘га мурожаат: Йўлдаги кўлмак сабаб изза бўлдим, сувчилар, йўлсозлар-чи?
Бугун эрталаб бўлди бу воқеа... Машинада ишга кета туриб мактабга бораётган бир боланинг кийимини расво қилиб қўйдим. Яъни, йўлда сув кўллагани боис машинам боланинг устига лойқа сув сачратиб юборди.
Болага раҳмим келиб, тўхтадим. Усти-боши жиққа ҳўл, кўзида милтиллаган ёшни кўриб, “Юр, машинага ўтир, уйингга бориб кийимингни алмаштириб келамиз”, десам бола йиғлаб берди:
- Йўқ, ойим бегона кишиларнинг машинасига минма деганлар. Мактабга кийишга бошқа кийимим ҳам йўқ. Кечагина янги костюм-шим олиб берган эди ойим. Шу пайтгача “спортивка”да келардим мактабга. Энди нима қиламан?!
Самарқанд шаҳри Шоҳруҳ кўчаси, 30-умумий ўрта таълим мактаби олдидаги ушбу йўлда йил-ўн икки ой, ёғингарчилик бўлса-бўлмаса ичимлик суви оқиб туради. Шу йўлдан ҳар сафар ишга бориш-келишда кўлмакларни териб-териб ўтардим. Бугун нима жин урди, билмайман? Норасида ўқувчининг йиғлаган нигоҳи, гаплари таъсирида бугунги куним хижил ўтадиган бўлди-да!
Мурожаатларимизни жавобсиз қолдираётгани, қувурлар ва йўлларнинг турли носозликлари сабаб одамлар, айниқса, ўқувчилар озор чекаётганидан сув таъминоти ёки йўлсозлар ҳам хижолат бўлишармикан?!