Зарафшондаги сув айирғич – Шайбонийлар даври ёдгорлиги

Самарқанд шаҳрининг остонаси Чўпонота тепалиги олдидан ўтаётганингизда Зарафшон дарёси бўйида ғиштдан қурилган қадимий кўприкка кўзингиз тушади.
Ҳозир бу ерда темир йўл ва атротранспорт воситалари учун иккита катта кўприк борлиги сабабли мазкур иншоот кўп кўзга ташланмайди. Лекин бундан беш аср аввал Муҳаммад Шайбонийхон томонидан Зарафшон дарёси устида қурилган ва уни Оқдарё ва Қорадарёга бўлган мазкур сув айирғич-кўприк 7 аркадан иборат бўлганини кўпчилик билмайди.
Умуман, яқин йилларгача биз Шайбонийхон давлатчилиги ва ижодий фаолиятига кам эътибор берганимиз сингари унинг бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳам тарихий манбаларга мурожаат қилмаганмиз, илмий тадқиқот ишлари олиб бормаганмиз.
Хўш, бугун-чи? Шайбонийхон ҳақида бизга нималар маълум, яна қайси жиҳатларга эътибор қаратишимиз лозим.
– Шайбонийлар давлатчилиги Дашти Қипчоқ ўзбек қабилаларидан бошланади ва темурийлардан кейин Мовароуннаҳрда қарор топган кучли марказлашган давлат ҳисобланади, – дейди Самарқанд давлат университети “Самарқанд тамаддуни” кафедраси мудири, доцент Шербек Равшанов. – Бу вазифани Абулхайрхоннинг набираси, Будоқ Султоннинг ўғли Муҳаммад Шайбонийхон амалга оширади. Гарчи бу мақсад Абулхайрхондан бошланган, аммо рўёбга чиқмаган бўлса-да, бошқа сулолалар сингари ушбу вазифани унинг набираси Муҳаммад Шайбонийхон бажаради. Тарихий манбаларда келтирилишича, Шайбонийхон жисмоний жиҳатдан бақувват, ҳарбий ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган. Туғилганда унга туркийлар одатига кўра иккита – Муҳаммад ва Шайбонийхон исмлари қўйилган. Абулхайрхон уни Шоҳбахт деб ҳам атаган.
Шайбонийхоннинг ҳаёти бир умр жангу жадаллар, навкарлик ва саркардалик билан кечган, десак хато бўлмайди. Бир нечта ҳукмдорларга навкар, қўшин бошлиғи сифатида хизмат қилган. Ҳатто темурийлар саройида хизмат қилган. Жуда катта ҳаётий тажриба тўплаган.
Шайбонийхон ўз қўшини билан Мўғулистон, Мовароуннаҳр ҳамда Хоразм ҳукмдорларига хизмат қилиб, уларнинг ташқи ва ички рақибларига қарши курашади. Бу курашларда Шайбонийхон ўзининг моҳир лашкарбошилик қобилиятини намоён қилади. Ёзма манбаларда “ўз халқи ва қавмидан ажралиб кетган одамлар, тахт учун курашда енгилса-да, аммо ўз ҳуқуқидан воз кечмаган ва ўз тарафдорларига бошчилик қилиб, муҳолифлари билан қулай фурсат пойлаб курашадиган сулола вакили” деб қайд этилган. Темурий ҳукмдорларга хизмат қилиш Шайбонийхонга улар давлатидаги вазиятни яхши билиб олиш имконини берди. Мовароуннаҳр ҳукмдорлари ва зодагонлари унинг хизматидан фойдаланиши ва манфаат кўриши натижасида Шайбонийхон тез орада машҳур бўлиб кетади. Бобоси Абулхайрхон вафотидан сўнг пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштирди. Беаёв қонли урушлар натижасида 1480 йилда кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклашга муваффақ бўлди. 1487-1488 йилларда Сайрам, Ўтрор ва Туркистон шаҳарларини эгаллаб, Мовароуннаҳр яқинида мустаҳкам ўрнашиб олди.
Ўзига тарафдорлар тўплагач ва темурийларнинг ўзаро келишмовчилигидан унумли фойдаланиб, бирин-кетин Сирдарё ва Амударё бўйидаги шаҳарларни бўйсундирди. Сўнгра географик қулайлиги ва маданият, илм-фан маркази бўлган Самарқандга интилди. Бу ерда унинг манфаатлари темурийлар билан, жумладан, Заҳириддир Муҳаммад Бобур билан тўқнашди.
– Шу ўринда бир жиҳатга эътибор бериш керак, – дейди Ш.Равшанов. – Муҳаммад Шайбонийхон ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳам ота-боболари Хўжа Аҳрор Валийнинг муридлари бўлган ва бу икки саркарданинг ҳам исмини улуғ аллома қўйган. Бобур “Бобурномада” Шайбонийхонга нисбатан илиқ фикрларни билдиради, уни исломга эътиқоди баланд, беш вақт намозни канда қилмайдиган шахс сифатида таърифлайди. Шунингдек, унинг бадиий ижод билан шуғулланиши, нафис ғазаллар битгани қайд этилади.
Яхши биламиз, Алишер Навоий ташаббуси билан Ҳиротда илм-фан, ижод аҳлига юксак эҳтиром кўрсатилган (буни Алишер Навоий Самарқандга келган чоғларида темурийлардан ўргангани айтилади). Жумладан, тасвирий санъат ривожига алоҳида эътибор қаратиб, Камолиддин Беҳзод каби мусаввирларга ҳомийлик қилган. Камолиддин Беҳзод Самарқандга келиб Шайбонийхон саройида хизмат қилгани ҳақида ҳам тарихий манбаларда маълумот учрайди. У Саъдийнинг “Гулистон” асарига ишланган бир миниатюрада Муҳаммад Шайбонийхон тасвирини чизган. Ушбу миниатюрада Шайбонийхон кўк чопон кийган, олдида лавҳ ва сиёҳдон қўйилган ҳолда тасвирланганки, бу унинг ижодга яқин шахс бўлганидан далолат беради.
Бирор бир манбаада Самарқанд Шайбонийхон давлати пойтахти, деб айтилмаган. Ҳукмдорнинг ўзи “мен қаерда бўлсам, қаерда от эгари устида ўтирган бўлсам, ўша жой пойтахт” деган. Лекин барибир Самарқандга меҳри, иштиёқи бошқача бўлган ва ҳар бир жангу жадалдан сўнг Самарқандга келган, ўзи юришларга чиқадиган бўлса, оила аъзолари ва ўғли Темур Муҳаммадни шу ерда қолдирган. Шунинг учун ҳам Самарқандни обод қилишга, бу ерда масжид ва мадрасалар қуришга алоҳида эътибор қаратган. Жумладан, Регистон майдои яқинида улкан мадраса ва мақбари қурдиргани ҳақида маълумотлар бор. Шайбонийхон таълим ислоҳотини амалга ошириб, уни аввало ўз мадрасасида жорий қилгани қайд этилади.
Шайбонийлар даҳмаси ҳам темурийлар мақбараси каби икки қаватли, пастда ҳақиқий ва тепада рамзий қабрлар бўлган. Уларнинг сони 16 та бўлиб, Муҳаммад Шайбонийхон ва унинг сулоласи вакиллари шу ерда дафн этилган. Бу даҳма мустабид тузум даврида йўлни кенгайтириш баҳонасида бузиб ташланиб, кейинчалик Шердор ва Тиллакори мадрасалари ўргасида махсус баланд суфага жойлаштирилган.
Олимнинг қайд этишича, Шайбонийхон 1502 йилда Зарафшон дарёсида сув айирғич қурдирди ва дарёни иккига Оқдарё ҳамда Қорадарёга бўлди. Мазкур сув айирғичи ўша давр учун жуда мукаммал сув иншооти бўлиб, бу иншоот орқали Самарқанд шаҳрида сув ва сел тошқинларининг олди олинган. Дарёнинг икки томонини бир-бири билан боғлайдиган хавфсиз кўприк қурилди. Шу иншоот қурилгач, Самарқанд шаҳрини ҳеч қачон сув босмаган. Сув айирғич икки қаватли 7 та аркадан иборат бўлиб, узоқ йиллар давомида Самарқанд аҳли ва савдо карвонлари учун хизмат қилганди. Йиллар ўтиши билан дарёдан келган кучли селлар иншоотни емириб бориши натижасида 4 та арк вайронага айланган. Ҳозирги кунда 3 та арканинг таг кисми ва 1 та арк қисми тўла шаклда сақланиб колган.
Умуман олганда, Шайбонийхон давлатчилиги ўзбек давлатчилигининг ажралмас бир қисми ҳисобланади ва уни чуқур тадқиқ этиш тарихчи ва адабиётшунос олимлар, археологлар олдида турган муҳим вазифадир.
Ғолиб Ҳасанов,
Алишер Исроилов.