“Zarnews.uz”га мурожаат: Кераксиз қувурлар олиб ташланиши керак

"Токзор маҳалласи - Самарқанд шаҳрининг Кичик туман ҳудудида жойлашган. Маҳалламизда барча кўп қаватли уйлардаги хонадонлар бир вақтлар “Иссиқлик манбаи” ДУК томонидан иситиб келинган.

Ўн йиллар илгари корхонанинг иситиш қозонлари ўз фаолиятини тўхтатгач, барча хонадонлардаги тизимлар олиб ташланиб, кимдир икки контурли печлар, яна кимдир электр печлар ёрдамида иситишга ўтди. Ҳовлилардаги иссиқ сув қувурлари эса кераксиз матоҳга айланиб қолди. Бугунги кунда улар эскириб қувурлар қийшайиб, шу “дом”ларда яшовчиларга ҳам ҳалақит бермоқда. Тешик қувурлар шамолга қимирлаб йўловчилар ҳаётига ҳам хавф солмоқда.  Айниқса, иссиқни сақловчи ойнақипиқ яъни, “стекловата”лари сал шамол бўлса, кўтарилиб, атрофга тарқалмоқда, болалар майдончасида ўйнаб бўлмай қолган. “Стекловата” қипиқлари келиб юз ва қўлларга ёпишади, уларни ҳатто ювиб ҳам кетказиб бўлмайди.

Айниқса, кексалар ва ёш болаларга азоб чекяпти. Кечқурун ишдан келиб, дим уйлардан қочиб ҳовлида ҳам дам олиб ўтириб бўлмаяпти? Бу борада бир неча бор Токзор маҳалла маъмуриятига, ширкатга, Самарқанд шаҳар ҳокимлигига мурожаатлар қилинган бўлса-да, фойдаси бўлмади. Агар шу қувурлардан фойдаланишни имконияти бўлмаса, олиб ташлашни иложи бор-ку? Кимдан ёрдам кутишни билмаяпмиз.

Самарқанд шаҳри, Тараққиёт кўчаси 19-уйда яшовчи Зуҳра Жумаева, Идие Османова, Раъно Ражабова ва бошқалар.