Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ: Шукр қилсак, неъматлар зиёда бўлур!

Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, охирги йилларда янгиланаётган Ўзбекистонда турли динларга мансуб қадриятларни авайлаб-асрашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу йўналишда бошқа давлатларга намуна бўладиган бой тажриба орттирилди. Диний қадриятларни тиклаш ва авайлаб-асрашга қаратилган кўплаб ҳукумат қарорлари қабул қилиниб, ҳаётга жорий қилинди.
Буюк алломаларимизнинг зиёратгоҳлари тикланиб, уларнинг илмий мерослари ўрганишга кенг эътибор қаратилмоқда. Жумладан, вилоятимизда жойлашган Имом Бухорий, Имом Мотуридий каби алломаларимиз номлари билан боғлиқ қадамжолар ободонлаштирилди. Қолаверса, бир қанча туманларимизда фаолият олиб бораётган масжидлар биноси янгидан қад кўтарди ҳамда Қўшработ туманида жойлашган “Жўш ота” жоме масжиди тубдан реконструкция қилинди. Юртимиз ва мусулмон дунёсидан етишиб чиққан улуғ мутафаккир ва алломаларнинг бой мероси, уларнинг жаҳон цивилизацияси, илм-фан тараққиёти ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон халқаро Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, Мир-Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ҳадис илми мактаби фаолияти йўлга қўйилганлиги бунга яққол мисол бўла олади.
Ислом анъаналарига хос меҳр-шавқат, саховат ва хайрия ишларини кучайтириш, диний соҳа ходимларини рағбатлантириш каби эзгу мақсадларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Бу ташкил этилган фонд нафақат диний соҳа ходимлари, балки республикамизда яшаётган ижтимоий кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд оилаларга беминнат ёрдамларини кўрсатиб келмоқда. Жумладан, ҳозирги кунда бутун дунёда ҳукмронлик қилиб турган “Коронавирус” инфекцияси кўпгина инсонларнинг моддий томондан қийналиб қолишига сабаб бўлди. Шундай ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ташаббуси билан “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан диний соҳа ходимларига ҳам бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, вилоятимизда фаолият олиб бораётган 285 та масжид имом-хатиб, имом-ноиб ва масжиднинг бошқа ходимлари ҳам ушбу моддий ёрдамни қабул қилиб олдилар. Барча соҳада бўлгани каби диний соҳа ходимларига берилган бундай ҳурмат, эътибор соҳа ходимларининг кўнгилларига хушнудлик олиб келди ҳамда янада куч-ғайрат ва шижоат билан фаолиятларини давом эттиришига катта туртки бўлди.
Сайт ва ижтимоий тармоқларда Ислом дини маърифати мавзуларини кенг ёритишда эркинлик таъминланиши баробарида салмоқ ва сифат ҳам сезиларли даражада ошди. Вилоятимизда диний соҳа ходимлари томонидан ҳам сўнгги йилларда диний соҳада эришилган ютуқлар ҳамда ўзгаришлар юзасидан хабар ва мақоалалар ОАВ орқали кенг ёритилиб борилмоқда.
Истиқлол йилларининг илк давридан бошлаб, инсон омилига бўлган эътибор ва ғамхўрлик янги босқичга кўтарилди. Ҳурмат-эътибор, меҳр-мурувват, икром-эъзоз борасида эса асрларга тенг ўзгаришларга эга бўлинмоқда. Муқаддас ўгитларимизда катталарга ирқи, миллати, динидан қатъий назар ҳамиша иззат кўрсатиш, улар ҳолидан хабардор бўлиш, меҳр-оқибат кўрсатишга буюрилган. Дарҳақиқат, инсон – ҳаёт гултожи. Яратганнинг инъоми – онгу тафаккурнинг фақатгина одамзодга берилгани мазкур ҳақиқатга яна бир далилдир. Бундай ислоҳотлар инсон омилига бўлган катта эътибор намунаси десак, муболаға бўлмайди.