Зеленский Трамп билан мулоқот қилишини маълум қилди. Истанбул мэри, Эрдоғаннинг асосий сиёсий рақиби ҳибсга олинди. Тинчлик музокаралари Жиддада давом этади

🔹 Матбуотга берган интервьюсида Зеленский бугун Трамп билан телефон орқали мулоқот қилишини маълум қилди. "Мен бу йил уруш адолат ва муносиб тинчлик билан якунланишига ишонаман", деди у.

🔹 АҚШ разведка идоралари АҚШ президенти Доналд Трампнинг Украинадаги можарони ҳал қилиш ҳаракатлари доирасида Россияга қарши бир қатор контрразведка операцияларини тўхтатди. Айрим таҳлилчилар бу стратегияни хавфли деб атамоқда. Уларнинг фикрича, Россиянинг гибрид урушга эътиборини сусайтириши АҚШ учун ҳам, Европадаги иттифоқчилари учун ҳам жиддий оқибатларга олиб келади.

🔹 Эронда миллий Янги йил байрамида камида 19 киши ҳалок бўлган, қарийб 6 минг киши жароҳатланган. Жароҳатланиш асосан пиротехника воситалари туфайли содир бўлган.

🔹 Туркияда Эрдоғаннинг асосий сиёсий рақиби - Истанбул мэри Экрем Имомўғли коррупцияда айбланиб ҳибсга олинди. Операция давомида ундан ташқари яна 100 га яқин одам қўлга олинган. Шу муносабат билан митинг ва намойишлар 23 мартга қадар тақиқланган бўлса-да, шаҳар мэрининг ҳибсга олинишига қарши намойишлар бошланди - хавфсизлик кучлари шай ҳолатда. Ҳукумат X, Youtube, TikTok ва Instagram ижтимоий тармоқларини чеклаган, транспорт ҳаракати тўсиб қўйилгани, метро бекати ёпилгани ҳақида хабарлар бор.

🔹 Эрон янги ҳижоб қонуни доирасида ахлоқ полициясини бекор қилишни режалаштирмоқда. Ўтган йилнинг кузида Эрон парламенти томонидан қабул қилинган қонун лойиҳаси “Оилаларни иффат ва ҳижоб маданиятини тарғиб қилиш орқали қўллаб-қувватлаш”га қаратилган. 2022 йилда мамлакатда ҳижобни ноўғри кийганликда айбланиб, ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган 22 ёшли Маҳса Амини ўлимидан сўнг кенг кўламли норозилик намойишлари бошланган эди.

🔹 23 март куни Жиддада Трамп ва Путин ўртасидаги навбатдаги тинчлик мулоқоти ўтиши айтилмоқда.

🔹 Пентагон 50 мингта фуқаролик ишчи кучини қисқартирмоқчи. Шунингдек, келгуси беш йил мобайнида ҳарбийлар бюджети ҳар йили 8 фоизга қисқартириш режаси мавжуд.

🔹 Германияда ўтказилган сўровларга кўра, немислар Илон Маск машиналарини сотиб олишдан воз кечмоқда. Респондентларнинг 94 фоизи ҳеч қачон Tesla'ни сотиб олмасликларини айтишган, чунки Илон Маск хавфли, омадсиз ўта ўнгчи. Бу орада Лас-Вегасда бир нечта Tesla автомобиллари ёқиб юборилган - Маск буни терроризм деб атади.

Г.Холдорова тайёрлади.