Зеленский Винницага қилинган ҳужум учун Россияни жазолашга чақирди
Европа Иттифоқидан кейин БМТ Бош котиби Антонио Гутерреш Украинанинг Винница шаҳрида 23 киши, жумладан уч бола ҳаётига зомин бўлган ракета ҳужумини қоралади.
Бир неча соатлик вайроналарни очишдан сўнг полиция 20 дан ортиқ одам ўлганини тасдиқлади, бир неча ўнлаб одамлар бедарак йўқолган. Юзга яқин маҳаллий аҳоли жароҳатланган, кўпи оғир аҳволда касалхонада.
Ракеталар офис биносига келиб тушган, уйларга зарар етган. Ваҳоланки, бу Гаагада уруш жиноятлари учун жавобгарларни жазолашга бағишланган конференция авжида содир бўлди.
Украина президенти Владимир Зеленский форум иштирокчиларига мурожаатида яна бир бор собиқ Югославия трибуналидан ўрнак олиб, халқаро суд яратишга чақирди. Демократик давлатларни Россияга қарши янги чоралар кўриш ва тинч аҳоли ўлдирилгани учун Москвани жазолашга чақирди:
“Бу кун Россияни террорчи давлат сифатида расман тан олиш кераклигини яна бир бор исботлади. Дунёнинг ҳеч бир давлатида Россия каби террор таҳдиди мавжуд эмас. Дунёнинг бошқа ҳеч бир давлати тинч шаҳарларни ва оддий одамлар ҳаётини қанотли ракета ва ракета артиллерияси билан ҳар куни вайрон қилишга имкон бермайди.
Европа Иттифоқи олий вакили Хосеп Боррел Винницага қилинган ҳужум каби тинч аҳолини мунтазам равишда ўлдириш жиноят эканлигини эслатди.
RT бош муҳаррири Маргарита Симонян ва урушда бўлган россиялик мухбирлар Мудофаа вазирлигидаги манбаларга таяниб айтишларича, асосий нишон минтақадаги энг катта концерт зали – Офицерлар уйи бўлган. Гўёки у ерда Украина Қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари жойлашганган.
Аввалига Москва шаҳарнинг ўққа тутилишини расман тушунтирмаган эди. Бугун Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Винницадаги Офицерлар уйига ракета ҳужуми содир этилганини тасдиқлади. 14 июль куни Россия ҳарбийлари Винница шаҳридаги Украина Қуролли Кучлари Офицерлар гарнизони биносига юқори аниқликдаги «Калибр» денгиз ракеталари билан ҳужум қилгани ҳақида Россия Мудофаа вазирлиги вакили брифингда маълум қилди.