Зиёратми, тижоратми ёхуд шаккоклик?
Ичкарида тумонат одам. Кимдир улуғ аллома мақбараси деворларини силаганича, кафтини юзига суртар, кимдир қабрни айланиш билан овора. Мажмуадаги булоқдан сув олиш учун бир-бирига навбат бермай қўлларидаги идишларни тўлдиришга интилаётганлар қанча. Фақатгина саноқли зиёратчиларгина айвонларда мақбара атрофида ўрнатилган ўриндиқларда ўтириб, Имом Бухорий руҳига атаб тиловат қилмоқда эди.
Самарқанд шаҳридаги Амир Темур мақбарасидамиз. Одам тирбандлигидан назоратчиларнинг ҳай-ҳайлашига қарамай, мактаб ва коллеж ўқувчилари бир-бирининг устига чиққудек бўлиб, ичкарига интилади. Амаллаб киргач эса, бу ерда абадий қўним топган буюк бобакалонимиз ва унинг авлодлари қабрлари фонида дарҳол селфи қилиб, расмга туша бошлашди.
Иккита қиз ҳиринглаганича мақбара четида туғ остидаги қабр устига чиқиб, суратга туша бошлашди. Асабийлашиб, берган танбеҳимдан сўнг тўпланганлар ичида тезда ғойиб бўлишди.
Ўқувчиларни бироз кузатдим, на уларни олиб келган ўқитувчи-мураббийлар, на уларнинг ўзлари ўтганлар ҳақига дуо қилишди. Шундай ҳолатни Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуасида ҳам кузатдик. "Самарқанд марвариди" деган номга сазовор бўлган Шоҳи Зинда ансамбли нафақат тарихий-меъморчилик ёдгорлиги, балки машҳур алломалар, авлиёлар, маликалар, лашкарбошиларнинг абадий оромгоҳи ҳамдир. Қаерга ва нима учун келганини тушунмаган, тўда-тўда бўлиб қўлтиқлашган ёшлар бирма-бир мақбараларга мўралашар, хиринглаганча расмга тушишарди.
Энг ачинарлиси, уларнинг ҳеч бири шу ердаги назоратчилар ёки катта ёшдаги инсонларга мурожаат қилиб, бу ерда ким ётгани-ю, ёдгорлик қачон ва нима мақсадда қурилганини сўрагани йўқ.
Бибихоним жоме масжидининг кунчиқар томонида бундан олти асрлар илгари барпо қилинган мўъжазгина меъморий обида қад ростлаб турибди. Бу обиданинг гумбази остида Амир Темурнинг суюкли хотини, зукко, тадбиркор, оқила катта хоним – Сароймулкхоним – Бибихоним абадий уйқуда ётибди.
Бибихоним мақбараси зиёратида эса деворга ўз номини "абадий" муҳрлаётган қизнинг олдида турган мураббийси "Йигитингнинг номини ҳам қўшиб ёз" деганини эшитиб, чидаб тура олмай, унга гапиришим билан ўз номларини девор ва панжарага ёзаётган қизларни ҳайдаганича, бизнинг гуруҳимиздан узоқлашишга ҳаракат қилди.
Бибихоним масжидида эса ўқувчилар қўлидаги чипси қоғозини, писта пўчоқларини у ёқ – бу ёққа аланглаб, мармар тошдан битилган тарихий лавҳ остига отиб юборди.
Афсуски, зиёратдан барчамиз кўнглимиз ўта хижил, тушкун кайфиятда қайтдик. Талабаларим рус гуруҳи бўлишига қарамай, уларга қаерга бораётганимизни, зиёрат тартиб-қоидаларини тушунтирган эдим. Улар зиёрат одобидан четга чиқмай, ҳар бир зиёратгоҳда унинг тарихи билан бирга, ўтганлар руҳини шод айлаш учун қилган тиловатимизга қўшилишга ҳаракат қилишди.
Аммо саёҳат давомида кўрганларимиз, кўпчилик ёшларнинг ўзини тутишини кўриб, наҳотки уларни олиб келган етакчилар бу ҳақда уларга тушунча бермаган бўлса, деб ўйладим.
Бугунги кунда зиёрат сайёҳлиги жаҳонда кенг тарқалган бўлиб, ҳар йили бутун дунёда 350 миллион нафарга яқин одам турли ёдгорликларни томоша қилиш учун саёҳатга отланиб, 3 миллиарддан ортиқ сафарларни амалга оширишади.
Замонавий зиёрат сайёҳлиги тижорат ва унинг самарадорлигини баҳолашнинг иқтисодий мезонларини ифодалайдиган оммавий туризмнинг барча моделларини ўзида мужассам этади.
Юртимизда ҳам зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Чунки муқаддас қадамжолар, зиёрат ва ибодат объектларига эга бўлган мамлакатлар қаторида Ўзбекистон алоҳида ўрин эгаллайди. Биргина 2018 йилнинг биринчи чорагида мамлакат ичида зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида 10 миллион нафардан ортиқ юртдошимиз Самарқанд, Бухоро, Хива каби дунёга машҳур шаҳарларга саёҳат қилди.
Албатта, бу жуда яхши, аммо аҳолининг аксарият қисми, хусусан, ёшлар – мактаб ва коллеж ўқувчиларини бой тарихий меросимиз билан таништириш, улуғ бобокалонларимиз номини ёд олиш, руҳини шод этиш ўрнига борган жойларини ифлослантириши, айниқса, ёшларнинг ножўя хатти-ҳаракатлари уят ва ачинарли ҳолатдир.
Бунинг олдини олиш мақсадида, аввало, ўзимиз аҳоли, хусусан, ўқувчи-ёшларни зиёрат тартибларидан хабардор қилиш, саёҳатларни юксак маданият билан ташкил этишга эътибор қаратишимиз лозим. Бу саёҳатлар орқали улар буюк аждодларимиз, тарихий шахслар ҳаёти, фаолияти ҳақида бой билим ва тушунчага эга бўлсин, шу заминда яшаётганидан қалбида фахр-ифтихор туйсин, ватанпарварлик ҳисси уйғонсин.
Зиёрат одобини бузган, тарихий обидаларга, жиҳозларга шикаст етказган ҳар бир шахсга тегишли чоралар кўриш керакдир.
Қадимий бинолар ҳар қандай шовқин, кучли ёруғлик таъсиридан тез емирилади. Шу сабабли бундай иншоотлар ичида савдо-сотиқни тақиқлаш, тарихий аҳамиятга молик мадраса, мақбараларни фақатгина ташқаридан кўришга рухсат бериш, диний ибодатларга зид бўлган амалларнинг бажарилишига йўл қўймаслик лозим, назаримизда.
Наргис ҚОСИМОВА.