«Зомин семинари»га номзодлар сараланди
Вилоят кутубхонасида Республика ёш ижодкорлари анъанавий Зомин семинарининг Самарқанд ва Жиззах вилоятлари ҳудудий босқичининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Семинарда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ, пойтахтдан келган устоз ижодкорлар Салим Ашур, Азиз Саид, Луқмон Бўрихон ҳамда вилоятимиздан Фармон Тошев, Хосият Бобомуродова шеърият, болалар адабиёти, бадиий публицистика ва таржима, наср йўналишлари бўйича шуъбаларга бўлинган ҳолда ёшларнинг ижод намуналарини кўриб чиқди. Уларга керакли тавсиялар берилди ва маҳорат дарслари ўтилди.
- Зомин семинарида илк бор қатнашиш ниятидаман, - дейди Жиззах вилояти вакили, семинар иштирокчиси Ноила Давлатова. – Болалар адабиёти йўналиши бўйича ҳикояларимни топширдим. Ўзим ҳам доимо болалар учун ижод қилаётган адибларнинг асарларини ўқийман. Саралаш босқичида устозлар билан юзма-юз бўлиш, уларнинг маслаҳатларини тинглаш мароқли.
Ҳакамлар ҳайъати ёш ижодкорларнинг анъанавий «Зомин - 2023» танловига тақдим этган ижодий ишларини кўриб чиқди. Ҳар бир номзод билан бевосита мулоқот ўтказилди. Уларга ўз маслаҳатларини беришди.
- Тақдим этилаётган ижод намуналаридан кўриняптики, ёшлар мумтоз ва жаҳон адабиёти дурдоналарини кўпроқ ўқиши лозим, - дейди таниқли ёзувчи Луқмон Бўрихон. – Шундагина ёзаётган ҳикоялари қуруқ баёнчиликдан иборат бўлиб қолмайди. Аммо улар ичида чинакам истеъдодлар ҳам бор. Ушбу семинардан мақсад ана шундай ёшларни саралаб олиш аслида.
Ҳудудий саралаш босқичида ўндан ортиқ жиззахлик ва ўттизга яқин самарқандлик иштирокчилар қатнашди.
Жасурбек ШУКУРОВ.