Савиясиз қўшиқлар, арзон пиар ва хафа бўлмас “юлдуз”лар

Сир эмас, бугун санъатимиз шоу бизнесга айланиб улгурди. У четдан қараганда анча сокин, сирли ва жозибали кўринса-да, аслида жуда шафқатсиз ва ўта кучли рақобат олами. Бунда бугун энг эъзозлилар эрта буткул унутилишга маҳкум. Бугун ҳеч ким билмаган бир тўпори қўшиқчи эрта бир клипи ё қилиғи (!) билан таниқли бўлиб кетиши ҳеч гап эмас.

Энг ёмони, ҳозир бу оламдагилар фақат танилиш учунгина қўшиқ айтяпти ёки нималардир қилишмоқда. Қачондир дуппа-дуруст ижоди билан танилган, энди эсдан чиқаётганлар ҳам «яшаб қолиш» ёки ўзини бир-бир эслатиб туриш учун ҳатто жанжал чиқариб, шов-шув кўтаришдан тоймаяпти.

Рус эстрада хонандаси Шура бир пайтлар тезроқ танилиш учун соғ тишини синдириб, соқовча қўшиқлар хониш қила бошлаганди. Эшитиб, ҳайрон қолгандик. Афсуски, бу ёмон усул (таъбир жоиз бўлса, «Шура синдроми») бугун бизда ҳам пайдо бўлган. Тўғри, тишини синдирган биров - ярим «жасоратли»ни ҳозирча кўрмадик, лекин бошқачароқ усуллар ҳам бор. Шоу бизнесимизнинг таниқлиларидан бири ўзига ўхшаш бошқасига таҳдидлар жўнатса, бошқалари ўзаро ёқалашувларини ижтимоий тармоқларга жойламоқда. Энг ажабланарлиси, бироз фурсат ўтиб, бу пиар эди, деб чиқмоқда. Афсуски, бу «пиар»лар анча авж олиб кетди. Энди танилаётган ёки танилиб бўлиб, чўнтаги тўлиб, ижод қилишга эриниб қолган қўшиқчиларга ҳам бу зўр восита бўлиб қолди. Энг ёмони, мухлисларда ҳам дид, шу даражага тушиб «енгил ҳазмли маҳсулотларга» мослашиб қолди.

Авваллари эса бирор хонанда элга танилиш учун йиллаб, камида 12 та қўшиқ ёзиб, альбом чиқарар, шундан нари борса уч-тўртта қўшиғи оммалашарди. Кўпчилик эстрадамизнинг энг гуллаган, сермаҳсул даври деб биладиган ўтган асрнинг 90-йилларини эсланг... У пайтлар қўшиқлар аудиокассеталарда чиқарилар, премьераси ҳам, промоси ҳам «звукозапислар» орқали бўларди. Ростакам ихлосмандлар эса севимли қўшиғини аудиокассеталар сотувчиси ёнида ўтириб тинглар, яхши кассеталар эса баъзан буюртма орқали базўр топиларди.

Миллий эстрадада ўша йиллар Муҳриддин Холиқовнинг «Наргиз», Озодбек Назарбековнинг «Кел эй ёрим» қўшиғи, Умаржон Маҳкамбоевнинг «Ой нурлари сим-сим», Илҳом Фармоновнинг «Сенмидинг», «Оқшом» гуруҳининг «Эй сабо», Ҳусниддин Холиқовнинг «Излагин», «Байрам» гуруҳининг «Жамилам» каби қўшиқларини ёдга олинг... Нега у қўшиқлар шу қадар севимли бўлган? Ҳозир ҳам маза қилиб тинглаймиз. Бу аввало, ўша давр ижодкорларининг профессионаллиги билан боғлиқ, ҳозиргидек пули бор ҳар нимани айтаверадиган замон эмасди. Шоу-бизнесга айланмаган қўшиқлар матни шоирлар китобларидан олиниб, куйга солинар, оранжировкаси ҳам соддароқ бўлар, ўша «жайдарилик» қўшиқларга ўзгача жозибадорлик бахш этарди.

Агарда қўшиқ яхши бўлмаса, аудиокассетасини ҳеч ким олмас, звукозаписдаёқ умри тугар, ҳозиргидек, ҳар жойда, ҳар онда мажбуран қулоққа сингдирилмасди. Энг асосийси, ўша пайтлари ҳақиқий қўшиқ тинглардик, клиплар соясидаги саёз “тинғир-тинғир”лар йўқ эди. Энди-чи? Ўнлаб FM-радиоларда қўшиқлар, ТВ-каналларда, интернет сайтларида минглаб видеоклиплар айланиб ётибди. Клипларда эффектли тасвир, хориж манзаралари, калта кийган қиз, башанг кийинган ашулачи, аралаш сюжетлар биринчи планда, қўшиқ эса иккинчи...Шу билан бирга яхши қўшиқ ёзишдан кўра, бир ишкал чиқариб, тилга тушиш осон ва мақбул усул бўлиб қолган бўлса. Баъзи хонандаларимиз шу қадар эринчоқ бўлиб қолганки, ҳатто ўзининг қўшиқчи эканини ҳам унутиб, шоу-дастурларда «юлдуз» бўлиб юрибди. Ҳарқалай, кўзга яқин бўлса бўлди-да...

Шунингдек, яна бир талай жанжал қилишга журъатсиз, қўшиқ куйлашга тоқатсиз ёш қўшиқчилар ва баъзи унутилаётган таниқлилар учун зўр имконлар пайдо бўлди.

«Хафа бўлиш йўқ». Ушбу кўрсатув ғояси хорижий телеканаллардан олинган бўлса-да, тез орада омма эътиборига тушди. Бошида анча ҳаққонийлик акс этган ушбу дастур охирги пайтларда анча-мунча нотаниш қўшиқчиларни, унутилаётган “юлдуз”ларни ҳам «хафа қила бошлади». Тилга тушмаган ёки унутилаётган «юлдуз»лар баҳонада «кўзга яқин» бўлиб олса, албатта кўрсатувдан «хафа эмасман», дейди-да.

Бугун эслаганларимиз ва бошқа ижодий танаффус этган шоу юлдузлари! Сизни қўшиқларингиз билан кашф этганмиз. Сизга тўпорилик ёки маска ортидаги бошқа арзон пиар ярашмайди. Илтимос, ижод қилиб, қўшиқлар яратинг. Таниқли эмас, аввало, севимли бўлинг!

Шуҳрат Нормуродов.