Матбуот котиби рақамли муҳитда қандай фаолият олиб боради?

Хабар берганимиздек, вилоят Матбуот уйида “Янги рақамли муҳитда жамоатчилик билан алоқаларни самарали олиб бориш масалалари: имкониятлар ва челленжлар” мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда шу ва бошқа мавзуларда сўз юритилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Агентликнинг Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилди. Семинарда туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари, корхона-ташкилотларнинг 40 нафарга яқин ахборот хизмати раҳбарлари иштирок этди.

Дастлаб ахборот соҳасидаги сўнгги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, контентни визуаллаштириш материалнинг аутентик таъсирни кучайтиришнинг замонавий усуллари ҳақида сўз юритилди.

Ўқув-семинарда маҳоратли тренер, “Янги медиа таълим маркази” нодавлат-нотижорат ташкилоти директори, филология фанлари доктори Беруний Алимов томонидан фотоконтент яратишнинг замонавий талаблари, ахборот хизмати фаолиятида дезинформация ва мисинформацияга қарши кураш, онлайн фактчекинг инструментларидан фойдаланиш усуллари мавзуларида маҳорат дарслари ташкил этилди.

Беруний Алимовнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқ кузатувчилари томонидан ахборотларнинг 82 фоизи визуал шаклда тез ва осон қабул қилинаётган бугунги кунда матбуот котиби фотоконтент яратишнинг замонавий талабларини яхши ўзлаштирган бўлиши зарур. Акс ҳолда кўзлаган мақсадимизга эришишимиз қийин кечади.

Шунингдек, мутахассислар томонидан соҳага доир қонунчилик, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида жамоатчилик билан алоқаларни самарали олиб бориш, ахборот тарқатишнинг ўзига хос жиҳатлари ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга нисбатан муносабат билдириш каби бир қатор муҳим мавзуларда тавсиялар берилди.

- Бугунги янги рақамли технологиялар даврида жамоатчилик билан алоқаларни самарали ўрнатиш, аҳолига тўғри ва ҳаққоний ахборот тақдим этиш биз, матбуот котибларининг муҳим вазифаларидан саналади, – дейди Иштихон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Мақсуд Турсунов. – Бу жараёнда кўпинча хатоларга йўл қўямиз ёки шошма-шошарлик билан иш тутамиз. Шу маънода бугунги ўқув-семинар биз учун жуда фойдали бўлди. Фаолиятимиз давомида бу ерда ўрганган билимларимизни ва орттирган тажрибаларимизни албатта амалда қўллаймиз.

Тадбирда давлат аттестациясидан ўтган матбуот котибларига гувоҳномалар ҳамда ўқув-семинарда иштирок этганларга сертификатлар топширилди.

Роҳила Очилова.