Сунъий интеллект “оқ”ми ёки “қора”?
![](https://static.zarnews.uz/crop/1/d/720__80_1d100292ce2a768462748a4883ce530a.jpeg?img=self&v=1739620373)
Бугунги кунда сунъий ақл билимларни ўзлаштириш, муаммоларни ҳал этиш, қарор қабул қилиш, олдиндан хабар бериш, суҳбатлашиш ва бошқа вазифаларни бажармоқда. Хўш, бунинг қандай фойдали томонлари бор, зарари-чи?
Навоий шаҳрида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда уюшманинг вилоят бўлими ҳамкорлигида Навоий, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида фаолият юритаётган журналист ва блогерлар учун “Сунъий интеллект ахборот хавфсизлигига қандай таъсир ўтказади? Янги имкониятлар ва чақириқлар” мавзусида бўлиб ўтган семинарда ана шу саволларга аниқлик киритилди.
Маънавият ва маърифат маркази зиё маскани
Семинар аввалида иштирокчилар учун Навоий вилоятида амалга оширилаётган лойиҳалар ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига бағишланган пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб ОАВ вакиллари Республика Маънавият ва маърифат маркази Навоий вилоят бўлимида жам бўлди. Ушбу зиё масканида яратилган шароитлар республикада ягона бўлиб, халқаро даражадаги тадбирлар ўтказилмоқда.
Хусусан, бино замонавий жиҳозлар билан таъмирланган бўлиб, тадбирлар ўтказиладиган катта залда биринчи ва иккинчи Ренессанс даврида яшаб ижод этган алломалар, олимлар, адабиётшунослар, тарихда ном қозонган буюк шахслар, таниқли театр, кино, мусиқа ва санъат дарғаларининг сурати ва улар яшаган давр ҳақида маълумотлар келтирилган. Бинодаги кутубхона, музей, тўгарак хоналари ҳам соҳа вакиллари ва ёшлар ихтиёрида. Эътиборлиси, вилоят маданият бошқармаси ҳам шу бинода жойлашган бўлиб, керакли медиа аппаратлар ва лэд-мониторлар билан таъминланган ва ижарага бериш хизмати ҳам йўлга қўйилган. Асосийси, вилоятдаги тадбирлар тегишли бошқарма, ташкилот ва корхоналар билан тузилган шартнома асосида ўтказилмоқда.
Иссиқхонадан йилига 700 минг долларлик соф фойда
Кейинги манзил Кармана туманидаги “ZARAFSHON GOLDEN GROUP” МЧЖ таркибидаги иссиқхонада бўлди. 14,3 метр квадрат ер майдонига эга мазкур иссиқхонада помидор ва қулупнай маҳсулотлари етиштирилади. 180 нафар иш ўрни яратилган корхонада маҳаллий бозорларимизга олий ва сифатли навли помидор ва қулупнай маҳсулотларини арзон ва қулай нархларда етиштириб бериш билан бир қаторда қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинади.
– Корхонамиз 15 миллион АҚШ доллари инвестиция маблағи асосида ташкил этилган, – дейди “ZARAFSHON GOLDEN GROUP” МЧЖ иш бошқарувчиси Фозил Бозоров. – Замонавий технологиялар асосида қурилган иссиқхонамизда газ ва кўмир асосида иситиш тизими йўлга қўйилган бўлиб, йилига 4 миллион долларлик даромад манбаига эга ва 700 минг долларлик соф фойда олинади.
Маҳсулотларимиз Туркия давлати билан ҳамкорликда Россия ва Қозоғистонга экспорт қилинмоқда.
Кобра, гюрза, эфа кўпайтирилиб, заҳридан дорилар тайёрланмоқда
Навбаҳор туманидаги “BIOTECH RESEACH and INNOVATION” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхонасидамиз. Чет эл инвестициялари асосида 20 миллион АҚШ долларидаги лойиҳа қийматига эга корхонанинг бюджетга тушум маблағи 5 миллион долларни ташкил этади. Айни кунларда 8 миллион доллар қийматидаги экспорт муҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Жамият томонидан 10 мингдан ортиқ илон, 3 мингта судралиб юрувчилар ва 20 мингдан ортиқ ўргимчакларни етиштириш бўйича серпантарий ва террариум ташкил этилган.
– Жорий йилда корхонада 20 миллион долларлик чет эл инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига илмий ишлаб чиқариш комплекси ташкил этилди, – дейди корхона раҳбари Ботир Фаёзов. – Мазкур комплекс наслни тиклаш учун реаблитация маркази, вивариум тадқиқот ва озуқа базаси, зардоб, косметика дориларини ишлаб чиқариш фаолиятини ўз ичига олади. Шунингдек, йўқолиб кетаётган илонлар, чаёнлар ва бошқа жонзотлар турлари кўпайтирилиб, табиатга қайтарилади.
Сунъий интеллект маълумотларини ўзимиз филтирлашимиз керакми?
Пресс-тур давомида ОАВ вакилларига Янги Навоий шаҳарчаси лойиҳаси ҳамда Абдулла Қодирий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказининг янги биноси қурилиши ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг Навоий шаҳридаги ёшлар марказида “Сунъий интеллект ахборот хавфсизлигига қандай таъсир ўтказади? Янги имкониятлар ва чақириқлар” мавзусида семинар ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, халқаро тоифадаги медиа-тренер, таниқли журналист Беруний Алимов иштирок этиб, журналист ва блогерларга сунъий интеллектнинг турлари, фойдали ва хавфли жиҳатлари ҳақида маълумот берди.
– Бундан 20-25 йил олдин, яъни ижтимоий тармоқлар энди урф бўлаётган пайтда жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларига ўз таъсирини ўтказган эди, – дейди Б.Алимов. – Сунъий интеллект ҳам миллий ахборот маконимизга ана шундай шиддат билан кириб келяпти.
Хўш, сунъий ақл оқ ёки қора, яъни яхши ёки ёмон? Мисол учун, ҳозир матн ёзишдан, фото, видео ва бошқа контентларни тайёрлашгача ундан кенг фойдаланяпмиз. Бу бир томондан медиа оламида кўпроқ имкониятлар кенгаяётганини билдирса, бошқа томондан ёлғон маълумот бериш, инсон қиёфасига кириш, одамларнинг фикрини ўзгартириш ва бошқа муаммолар борлигини ҳам кўрсатмоқда. Сунъий интеллект ҳаётимизга кириб бўлган, ижтимоий тармоқлар каби уни салбий қабул қилолмаймиз.
Бошқача айтганда, фейк хабарлар каби сунъий интеллект бераётган маълумотларни ҳар бир киши, айниқса, журналист ва блогерлар фильтрлаши, ишончли манбалардан фойдаланиб, халқимизга ишончли ахборот етказиши керак.
Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Фазлиддин Рўзибоев,
Ҳусан Элтоев (фото).