Халқаро ҳамкорлик: Қишлоқ хўжалиги ривожи бўйича Словакия ва Польша тажрибаси оммалаштирилади

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида “Аграр соҳадаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш” мавзусида халқаро мулоқот учрашуви ўтказилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган мулоқотда юртимиздаги соҳага оид олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари, 15 дан зиёд халқаро ривожлантириш ташкилотларининг 120 дан ортиқ мутахассис ва экспертлари ҳамда Словакия ва Польша Республикаларининг мамлакатимиздаги элчихоналари расмийлари иштирок этмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Қишлоқ хўжалик вазири ўринбосари Алишер Шукуров, Словакия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Виктор Борецкий, Польша Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси муваққат ишлар вакили Марчин Вакар, Европа Иттифоқи АСК дастури координатори Марк Ван Уйтванск аграр соҳада малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш ва илмий-тадқиқотларни самарали ташкил этишда халқаро тажрибани ўрганиш алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.

– Анжумандан кўзланган асосий мақсад қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, грант маблағларини жалб қилиш ва илмий-инновацион лойиҳаларни ривожлантиришдан иборат, – дейди Ўзбекистон қишлоқ хўжалик вазири ўринбосари Алишер Шукуров. – Бунинг учун аввало тизимли тараққиёт йўлини танлаб олишимиз зарур. Бунда таълим, илм ва маслаҳат тизимини ўзаро интеграциясини йўлга қўйиш энг муҳим масала ҳисобланади. Шу боис, биз соҳада маслаҳат тизимини жорий қилиш борасида амалий ишларни бошладик. Ҳар бир туманда қишлоқ хўжалиги маслаҳатчилари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад қишлоқ хўжалиги учун самарали бўлган илмий тадқиқотлар натижаларини фермерларга етказиш, амалиёт давомида фермерларда туғилган ташаббус, таклиф ва муаммоларни илмий-тадқиқот ва олий таълимга олиб чиқишдир. Бу орқали илм ва амалиёт уйғунлиги таъминланади. Табиийки, илмий асосга эга тажрибалар далага кўчса, самарадорлик биз кутган натижани беради.

 

Тадбир грант лойиҳаларини ёзиш бўйича тренинглар, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича муҳокамалар, инновацион илмий-тадқиқотлар тақдимотлари билан давом эттирилди. Шунингдек, қатор халқаро ташкилотлар билан муҳокамалар ўтказилди. Тадбир доирасида иштирокчилар Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти лабороторияларида амалга оширилаётган илмий-тадқиқотлар билан яқиндан танишишди.

– Бугунги анжуман қишлоқ хўжалиги соҳасидаги олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари фаолиятини ривожлантиришда алоҳида аҳамиятга эга, – дейди Словакия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Виктор Борецкий. – Ўзим ҳам Нитра шаҳридаги Словакия қишлоқ хўжалиги университетини битирганман. Соҳа вакили ва унга бефарқ бўлмаганлигим учун бугунги анжуманда иштирок этмоқдаман. Биз Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги бўйича истиқболли лойиҳаларни бошлаганмиз. Хусусан, замонавий технологиялар асосида Хоразм вилоятида ғалла етиштиряпмиз. Жиззах вилоятида ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ўғитлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширяпмиз. Бугунги тадбирга Словакиянинг аграр соҳага ихтисослашган таълим муассасалари вакиллари таклиф этилган. Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти билан талабалар алмашинуви бошланган. Ушбу анжуман ҳамкорлик алоқаларимизни янги босқичга кўтаради, деган умиддаман.

Анжуман давомида халқаро ҳамкорлар билан таълим ва илмий-тадқиқотлар самарадорлигини ошириш бўйича келишувларга эришилди.