Ўтган йили бузилиши керак бўлган бино бузилмасдан қаҳвахона қилинди
Ижтимоий тармоқларда Самарқандда ўтган йили ноқонуний қурилган деб топилган 11 қаватли бинонинг 1-қаватида ноқонуний қаҳвахона ташкил қилингани ҳақида хабар тарқалди.
Ҳолат юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги муносабат билдирди.
Ўрганишлар давомида чиндан ҳам бинонинг 1-қаватида ноқонуний равишда қаҳвахона фаолият юритаётганлиги аниқланди.
Кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган бу бино бўйича 2022 йилнинг 6 июль куни фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро суди томонидан Ф.Халиловга Самарқанд тумани “Жўйисой” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ўзига тегишли бўлган ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда қурилган 12 қаватли бино-иншоот (меҳмонхона)ни ўз ҳисобидан бузиши тўғрисида ҳал қилув қарори мавжуд.
Бугунги кунда мазкур суд қарорининг ижроси МИБнинг Самарқанд тумани бўлими иш юритувида.
Шунингдек, Самарқанд тумани қурилиш бўлими томонидан 2023 йилнинг 15 май куни 414-сонли хат билан МИБ Самарқанд тумани бўлимига суд қарорининг ижросини таъминлаш бўйича хат йўлланган.