Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

1 декабргача аҳолига кўмир етказиладими?

Вилоят ҳокимининг жорий йил 15 октябр­даги фармойишига асосан 1 декабрга қадар вилоят аҳолисига ажратилган кўмир маҳсулотларини тўлиқ етказиб бериш вазифаси қўйилган. Хўш, кўмир бу вақтда аҳолига етказиладими?

Бу йил вилоятимиз аҳо­лисига жами 83214 тонна кўмир тарқатиш режалаштирилган, – дейди вилоят "Темирйўлёнилғитаъмин" бирлашган ёнилғи омбор хўжалиги раҳбари ўринбосари Азиз Турсунов. – Шундан 45050 тоннаси брикет, 38157 тоннаси кўмир маҳсулоти. Ҳозиргача кўмирнинг 28699 тоннаси, брикетнинг 2614 тоннаси етказиб берилди. Режадаги кўмирни бир неча ҳафта ичида етказиб бера оламиз. Битта вагонга 69 тонна кўмир кетади. Муаммо шундаки, вилоятда бугунга келиб табиий газ етиб бормаётган хонадонлар сони 340 мингдан зиёд. Агар режадаги барча кўмирни ушбу хонадонларга бўлсак, ҳар бир хонадонга ўртача 270 килограммдан тушади. Ана шуни ҳисобга олиб, ҳукуматимиз вилоятга яна 42 минг тонна кўмир ажратадиган бўлди. Бундан таш­қари, агар қайси туманда аҳо­лининг кўмирга эҳтиёжи қондирилмаса, ҳокимлик хати асосида республикага мурожаат қиламиз.

"Темирйўлёнилғитаъмин" бирлашган ёнилғи омбор хўжалиги маълумотига кўра, бу йил ҳар бир хонадон маҳалладан маълумотнома сўраб, базага сарсон бўлиб юрмайди. Туман ҳо­кимлиги томонидан тасдиқланган аҳолини кўмир билан таъминлашга оид жадвал маҳалла фуқаролар йиғинига  етказилади.

Маҳалла фуқаролар йиғини келиб тушган аризаларга мувофиқ кўмирни сотиб олиш бўйича реестрни шакллантиради ва уни кўмир омборларига етказиб беради.

Кўмир омборлари маҳалла фуқаролар йиғини томонидан тақдим этилган реестр ва тасдиқланган жадвалга асосан аҳолини кўмир маҳсулоти билан таъминлайди. Шу билан бирга, газ тармоғига уланмаган ёхуд бошқа сабаблар билан маҳалладан кўмир билан таъминланмаган фуқаролар якка тартибда ҳам кўмир тарқатиш базаларига мурожаат қилишлари мумкин.

Ҳозирда вилоят бўйича 7 та кўмир тарқатиш базалари мавжуд бўлиб, улар Булунғур, Жомбой, Паст Дарғом, Каттақўрғон, Нарпай, Пахтачи туманлари ва Са­марқанд шаҳри (брикет)да жойлашган. Бундан ташқари, бу йил Ургут ва Қўшработ туманларидаги бир қатро маҳалла фуқаролар йиғинларида брикет тарқатиш базалари ҳам ишламоқда.

Бу йил бир тонна кўмир нархи аҳоли учун 273 минг сўм, брикет эса 375 минг сўм этиб белгиланган.

 

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.