1-синфларга қарийб 90 фоиз боланинг ҳужжати қабул қилинди

Жорий йилнинг 18 август санасига қадар республика умумтаълим мактабларининг 1-синфига 578 710 нафар ўқувчининг ҳужжати қабул қилинди, бу жорий ўқув йили учун қабул режасининг 90 фоизидир.

Халқ таълими вазирлиги хабарига кўра, шундан халқ таълими тизимидаги мактабларга 577 304 нафар бола, бошқа вазирлик тасарруфидаги мактабларга 103 нафар ва 1303 нафари нодавлат мактабларга қабул қилинган.

Жорий ўқув йилида халқ таълими вазирлиги 650 116 нафар ўқувчини қабул қилишни режалаштирган.

Ўқувчиларнинг аксарияти, 96,4 фоизи, ўз микроҳудудидан қабул қилинган (558 140 нафар бола).

2020-2021 ўқув йили учун қабул жорий йилнинг 25 августига қадар давом этиши маълум қилинган.

Тошкент шаҳрида тажриба-синов тариқасида илк маротаба 1-синфга борадиган ўқувчиларнинг ҳужжат топшириш жараёни qabul.maktab.uz орқали онлайн навбат асосида амалга оширилмоқда.