10 сотих томорқадан 100 миллион сўм даромад оладиган оқтепаликлар
Қўшработ туманида 18 мингдан кўпроқ томорқа эгалари ўзларига тегишли 4 минг гектарга яқин ер майдонида меҳнат қилиб рўзғорини обод қилмоқда. Туманннинг Оқтепа қишлоғида яшовчи Улуғхон Бегматов ана шундай уста томорқачилардан бири.
- 12 сотих томорқамиздан 10 сотихи узумзор боғ, - дейди У.Бегматов. - Икки сотихида сабзавот маҳсулотлари етиштирамиз. Йиллик даромадимиз 100 миллион сўмдан кам бўлмайди. Карантин пайтида уйда фарзандларим билан бирга меҳнат қиляпмиз. Янги ток кўчатлари экдик. Қатор ораларида ҳозирча полиз экинлари экиб турамиз.
Яқин вақтгача оқтепаликлар томорқасида фақат узум етиштириб, чорвачилик билан шуғулланган бўлса, кейинги йилларда иссиқхона ташкил қилиб, ҳовлисининг бир четида қуёнчилик ва паррандачилик билан ҳам машғул.
- Ҳаётдан нолимайман, - дейди Анорбой Ҳасанов. – Оиламизда 8 киши яшайди. Меҳнат қилмасдан маҳалладан ёрдам сўраб турсак, бир марта берилар, икки марта берилар, бошқа пайт-чи? 10 сотих томорқамизнинг 6 сотихига картошка экканмиз, 1,5 сотихида иссиқхона, қолган ерда бошқа керакли маҳсулотлар етиштирамиз. 80 бошдан зиёд қуён боқамиз, 100 дан ортиқ товуғимиз бор. Шундан рўзғоримиз обод.
Оқтепада кичик томорқадан яхши даромад қилиб, катта рўзғорни тебратаётганлар кўпчиликни ташкил этади. Бунинг учун улардан кўп нарса талаб қилинмайди – ҳар бир қарич ернинг ва ҳар дақиқанинг қадрига етадилар, холос.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Жаҳонгир АЛИБОЕВ.