1000 нафардан зиёд самарқандлик ID-картага эга бўлди
Жорий йилнинг 4 январидан биометрик паспорт ўрнига ID-карталар берила бошлади. Вилоятимизда Самарқанд шаҳрига 3 та, Ургут туманига 2 та, бошқа шаҳар ва туманларга биттадан замонавий махсус қурилмалар келтирилди. Улар ёрдамида фуқароларга шахсини тасдиқловчи ID-карталар расмийлаштирилмоқда.
Ўтган бир ҳафта давомида вилоятдаги туман ҳамда шаҳар миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига мурожаат қилган 1088 нафар фуқаро ID-картага эга бўлди.
- ID-карталарни олиш учун ҳеч қандай махсус ҳужжат талаб этилмайди, - дейди Самарқанд шаҳар ички ишлар органларини мувофиқлаштириш бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи, подполковник Олим Норқулов. - Фақат паспорт, ариза ва давлат божи – базавий ҳисоблаш миқдорининг 89 фоизи (198 470 сўм) тўланиши лозим. Биринчи марта паспорт олиш учун мурожаат қилган ёшлар бўлса, ариза, туғилганлик ҳақида гувоҳномаси, отаси ёки онасининг паспорти нусхасини тақдим этади, ID-карталарни бир иш кунида олиш имконияти мавжуд. Шу кунгача бўлимимиздаги 2 та ҳамда шаҳар ички ишлар органларини фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига келтирилган 1 та махсус қурилма ёрдамида 500 нафардан зиёд самарқандлик фуқароларга ID-карталар берилди.
Тўлқин Сиддиқов.