1,6 миллиард сўмлик тамаки маҳсулотларининг сохта транзити фош бўлди

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ва «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси тезкор ходимлари томонидан ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда тамаки маҳсулотларининг сохта транзитига чек қўйилган.

«Авиа юклар» ташқи иқтисодий фаолият божхона постига хориждан келтирилган ва республикамиздан транзит тарзида қўшни давлатга олиб чиқиб кетилиши белгиланган 2 турдаги 110 минг 776 қути сигарет, шу жумладан чилим учун тамаки маҳсулотлари «Жартепа» чегара-божхона постига йўналтирилади.

Аммо, «Жартепа» чегара божхона постига етиб келган юк автотранспорт воситаси кўздан кечирилганида, унинг юкхонаси бўш эканлиги маълум бўлган.

Тезкор тадбир давомида юк машинасига ортилган тамаки маҳсулотлари Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги хонадонлардан бирига тушириб қолдирилгани фош қилинди. Шунингдек, хонадондаги «Кобальт» автомашинаси юкхонасида ҳам 3680 қути чилим учун тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланган.

Божхона қўмитаси хабарига кўра, мазкур ҳолатда жами қиймати 1 миллиард 620 миллион 828 минг сўмлик 114 минг 446 қути тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Натижада, давлат бюджетига етказилиши муқаррар бўлган 1 миллиард 581 миллион 786 минг сўмлик зарар ҳам ўз вақтида бартараф этилди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.