17 нафар бемор тузалиб, жами соғайганлар сони 2624 нафарга етди
Пойтахтимиздаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 2 нафар, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида 13 нафар ҳамда Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасида 2 нафар - жами 17 нафар бемор бутунлай соғайди ва реабилитацияга кузатилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.
Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида тузалганларнинг 1 нафари (26 ёшли эркак) Бухоро вилоятидан бўлса, яна 1 нафари (45 ёшли аёл) Тошкент вилоятидан.
Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида тузалганларнинг 12 нафари эркак, 1 нафари аёл бўлиб, ёши каттаси 63 ёшда, ёши кичиги 20 ёшда. Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, Фарғона, Хоразм ва Самарқанд вилоятларидан 2 нафардан, Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 1 нафардан, 2 нафари эса Тожикистон Республикаси фуқаролари ҳисобланади.
Андижон вилоятида тузалганларнинг 2 нафари ҳам аёл (65 ёшли ва 46 ёшли) бўлиб, Андижон шаҳридан. Вилоятда эндиликда соғайганлар 169 нафарга етиб, айни пайтда даволанаётганлар сони 6 нафарни ташкил этмоқда.
Шундай қилиб, ҳозирга қадар 17 нафар бемор тузалиб, мамлакатимиз бўйлаб жами соғайганлар сони 2624 нафарга етди.