18 нафар абитуриентнинг имтиҳон натижаларини сохталаштириб, ўқишга киритган проректор қўлга олинди
Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан Фарғона давлат университетида кириш имтиҳонлари натижалари сохталаштирилганлиги ҳолати юзасидан ЖКнинг 228-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Натижада олий ўқув юрти проректори томонидан содир этилган жиноят фош этилди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.
Терговда аниқланишича, Фарғона давлат университети проректори А.А. 2019-2020 ўқув йили учун “Жисмоний маданият” факультети имтиҳон комиссиясининг масъул котиби этиб тайинланиб, 2019 йил июль ойида ўтказилган кириш имтиҳонлари жараёнида комиссиянинг бошқа аъзолари билан жами 18 нафар абитуриентларнинг имтиҳон натижаларини сунъий равишда ошириб кўрсатган. Ушбу сохталаштиришлар натижасида абитуриентлар олий таълим муассасига ўқишга қабул қилинган.
2020 йил 4 мартда шаҳар прокуратураси томонидан университет проректорига нисбатан ЖКнинг 205-моддаси 1-қисми ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айб эълон қилинди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.