2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури тасдиқланди: коррупция ҳақида хабар берган шахслар ҳимоя қилинади

«Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони эълон қилинди, деб ёзмоқда Xushnudbek.uz.

Унга кўра 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури тасдиқланди.

Тегишли вазирликлар уч ой муддатда муайян тоифадаги давлат хизматчиларининг мулки ва даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ўрта муддатли истиқболда қуйидагилардан иборат:

суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьяларга ҳар қандай тарзда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш;

давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш;

давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва уларнинг иш ҳақи етарли даражада бўлишини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;

коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш;

фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш.