2020 йил — кабиса йили!
2020 йил кабиса йили эканидан хабарингиз бор. Одатда ҳар тўртинчи йил, тўртга қолдиқсиз бўлинадиган йиллар кабиса йили бўлишини ҳам яхши биламиз.
Бу йилда бошқа йиллардагидан фарқли ўлароқ, февраль ойи 29 кун бўлади. “Кабиса” сўзи арабча “кабаса” – яъни “чуқурни тўлдириш” феълидан олинган бўлиб, истилоҳда “тўлдирувчи” деган маънони англатади.
Ўтмишга назар ташлайдиган бўлсак, эрамиздан аввалги 45 йилнинг 1 январь санасидан бошлаб, Рим ҳукмдори Гай Юлий Цезарнинг фармонига биноан Созиген бошчилигидаги искандариялик астрономлар томонидан махсус йил ҳисоби – тақвим яратилади. Унга кўра, бир астрономик йил тахминан 365,25 кун (365 кун, 6 соат) деб белгиланади. Бу тақвим Цезарь шарафига Юлиан тақвими деб номланган.
Одатда, ҳар тўрт йилда “олти соатлик” қолдиқлар тўпланиб, бир кунни ташкил қилган. Бироқ дастлаб шу бир кунлик фарқни йўқотиш учун ҳар учинчи йилга бир кун қўшиб берилган. Яъни, икки йил 365 кундан, учинчи йил 366 кунга тенг деб белгиланган. Бу қўшимча кун Рим тақвимидаги охирги ой – февралга қўшиб берилган.
Рим тақвимида кунлар календ (ойнинг биринчи куни), нон (бешинчи ёки еттинчи куни) ва ид (13 ёки 15-куни)ларга қараб тақсимланган ва шунга кўра номланган. Масалан, 24 февраль ante diem sextum calendas martii (мартнинг биринчи куни – календидан 4 кун олдин) деб аталган.
Цезар кабиса йили учун bis sextus (илмий истилоҳда кабиса йили худди ана шундай аталади), яъни иккинчи олтинчи кунни қўшиш ҳақида кўрсатма берган. Шу тариқа эрамиздан аввалги 45-йил тарихда илк кабиса йили бўлиб қолган.
Орадан бир йилча вақт ўтиб, суиқасд натижасида Цезарь ўлдирилади ва иккинчи кабиса йили ундан кейин бўлиб ўтади. Шу тариқа 36 йил давомида ҳар учинчи йилга астрономлар бир йилдан қўшиб бораверишган. Октавиан август даврига келиб, тақвим ҳисоботи қайта кўриб чиқилади ва бу ҳисоблаш хато экани ойдинлашади. Шундан сўнг ҳар тўртинчи йил кабиса йили тарзида ҳисобланиши белгиланади. Бироқ 36 йил давомида кабиса 9 маротаба ўрнига 12 маротаба қайд этилганини ҳисобга олиб, орадаги тафовутни йўқ қилиш мақсадида бир неча йил мобайнида бу одатга амал қилинмаган.
Кейинчалик астрономик асбоблар ривожлана бошлагач, бир йил Цезарь даврида аниқланганидек, 365,25 кун эмас, тахминан 365 кун 5 соат 49 дақиқа экани маълум бўлган. Яъни, Ер Қуёш атрофида айланиб чиқиши учун айнан шунча вақт сарфлайди. Демак, Юлиан тақвимига кўра, ўртача тропик йил ва Юлиан тақвими ўртасидаги фарқ бир йилда -11 дақиқани ташкил қилади. Бу “кемтиклик” 128 йилда тахминан бир суткага етади.
Цезарь давридан сўнг орадан асрлар ўтиб, ушбу тафовут йил фаслларининг алмашинувида ҳам сезила бошлаган. Аниқроғи XVI асрда баҳорги тенгкунлик тақвимга кўра, 21 мартда эмас, ундан ўн кунча аввалроққа тўғри келиб қолган. Бу эса пасха байрамини белгилашда катта ноаниқликларни келтириб чиқарган.
Асрлар давомида юзага келган бу тафовутни бартараф этиш учун Рим папаси Григорий XIII тақвимни ислоҳ қилиш ташаббуси билан чиққан. Унинг ислоҳотига кўра, календарь йили Қуёш тақвимига мос келиши учун 100 га бўлинадиган йилларда кабиса йили бекор қилиниши лозим эди. Яъни, 4 сонига қолдиқсиз бўлинадиган барча йиллар кабиса йили ҳисобланади, фақат охири икки ноль билан тугайдиган йиллар бундан мустасно. Масалан, 1300, 1400, 1500 йиллар ва ҳоказо.
Лекин бу ислоҳот ҳали тафовутни тўла бартараф этолмайди. Негаки, Юлиан тақвимига кўра, дақиқалар “йиғиндиси” ҳар 128 йилга бориб, сезиларли ўзгаради. Демак, ҳар тўртинчи юз йиллик кабиса йили бўлиб қолаверади.
Яъни, 400 сонига қолдиқсиз бўлинадиган йиллар кабиса йили ҳисобланади. Масалан, 1200, 1600, 2000 йиллар. 100 га қолдиқсиз бўлинадиган йиллар кабиса йили эмас. Масалан: 1700, 1800, 1900 йиллар. Улардан қолган барча 4 га қолдиқсиз бўлинадиган йиллар кабиса йилидир. Масалан, 2004, 2008, 2011, 2016 .
Шундан хулоса қиладиган бўлсак, кириб келаётган 2020 йил ҳам кабиса йили ҳисобланади.
Рустам ЖАББОРОВ.