Техникумларда амалий имтиҳон - битирувчилар иш билан таъминланмоқда

Самарқанд шаҳрида техникум битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини иш берувчи корхона ва ташкилот вакиллари иштирокида демонстрацион (амалий) имтиҳон шаклида ўтказиш бўйича Республика семинари бўлиб ўтди.

Семинарда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов, Профессионал таълим тизимини ривожлантириш департаменти бошлиғи Ўткиржон Алижонов, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиқлари, касбий таълим муассасаси раҳбарлари иштирок этди.

Шунингдек, семинарни кенг ёритиш мақсадида вилоятдаги оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида пресс-тур ҳам ташкил этилди.

- Якуний давлат аттестацияси ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакаларини баҳолаш, уларни келгуси меҳнат фаолиятига тайёрлигини аниқлашда муҳим босқич ҳисобланади, - деди вилоят олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Азизбек Насимов. - Мазкур жараённи тўғри ва тизимли ташкил этиш орқали касбий таълим сифатини ошириш, таълимнинг амалиёт билан боғлиқлигини таъминлаш мумкин. Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан айнан шу йўналишда, яъни янги касбий таълим тизимини меҳнат бозори талаблари билан уйғунлаштириш борасида бир қатор қарор ва фармонлар имзоланди.

Жумладан, 2024 йил 16 октябрдаги “Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Мазкур фармон билан битирувчиларни якуний баҳолаш соҳа экспертлари, касбий малакаларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгашлари, баҳолаш ташкилотлари, иш берувчилар, уюшмалар ва тадбиркорлик субъектлари бирлашмалари вакиллари иштирокида демонстрацион имтиҳонлар шаклида амалга оширилиши белгиланди.

Дастлаб семинар қатнашчилари Самарқанд туризм ва маданий мерос техникумида нон ва нон маҳсулотлари, қандолат ва макарон ишлаб чиқариш, сартарошлик, маданий мерос объектларини асраш ва таъмирлаш касблари бўйича якуний давлат аттестациясини демонстрацион имтиҳон шаклида ўтказилаётган жараёнлари билан танишди. Имтиҳон жараёнлари амалий тарзда ташкил этилиб, битирувчилар ўз касбларини қандай эгаллаганини амалда кўрсатиб беришди. 

- Бу йил техникумнинг сервис ва туризм йўналишини битиряпман, - деди 2-босқич талабаси Насриддин Насриддинов. – Ўқиш жараёнида мижозларга сифатли хизмат кўрсатишни пухта ўргандим. Шу билан бирга ўрганганларимни ресторанларда гиргиттон (официант)лик касбида ишлаб, амалиётда янада мустаҳкамладим. Айни кунда ҳам ўқиб, ҳам ишлаб келяпман.

Кейинги манзил Самарқанд Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми бўлиб, семинар иштирокчилари ҳамширалик иши касби бўйича якуний давлат аттестациясини демонстрацион имтиҳон шаклида ўтказилаётган жараёнлари билан танишди.

- Техникум билан шартномамиз бор, техникум талабалари клиникамизда амалиёт ўтайди - деди “Дил шифонур фарм” хусусий клиникаси раҳбари Дилфуза Мамаражабова. – Клиникамизда лаборатория, ЭКГ, УЗИ аппаратларимиз, беморлар учун ётоқ жойларимиз мавжуд. Бугун битирувчилар орасидан олти нафар ҳамширани танлаб олиш мақсадида келдим. Уларнинг беморларга хизмат кўрсатиши билан бирга хушмуомалиги, ўз касбини яхши кўришига ҳам аҳамият беряпман.

- Самарқанд Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида ўнта йўналиш бўйича талабалар таҳсил оляпти, - деди техникум директори Рафиқ Хўжамуродов. – Бугунги кунда техникумда 1660 нафар талаба таҳсил оляпти, уларнинг 251 нафари битирувчи курс талабаларидир. Уларга 120 нафар педагог таълим бермоқда. Техникум республикамиздаги 75 та Жамоат саломатлиги техникумларига таянч таълим даргоҳи ҳисобланади. Техникумни имтиёзли битирган талабаларимиз Самарқанд давлат тиббиёт университетига 2-курсдан суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади. Бу йилги битирувчилар учун ташкил этилган амалий имтиҳон жараёнлари иш берувчиларга ҳам қулайлик туғдирди. Улар битирувчиларнинг ўз йўналишларини қандай эгаллаганини амалда кўриб, гувоҳи бўлишди.

Шунингдек, семинар қатнашчилари меҳмонхона хўжалигини ташкил қилиш ва бошқариш, тикувчилик, дурадгорлик ва пол ётқизиш ишлари, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, қурилиш ишлари ишчиси, сантехник касблари бўйича Якуний давлат аттестациясини демонстрацион имтиҳон (амалий имтиҳон) шаклида ўтказилаётган жараёнлар билан танишди.

Ўз навбатида, иш берувчилар эҳтиёжидан келиб чиқиб, малакали битирувчиларни ишга қабул қилди. 

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.