Оташин журналист, меҳрибон устоз

Нарпай туманининг “Пахтакор овози” (ҳозирги “Навқирон Нарпай”) газетасида масъул котиб сифатида фаолият юритардим. Кунларнинг бирида устозим - газета муҳаррири ўринбосари Ренат Раҳимов ҳузурига чақириб, вилоят “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетаси бош муҳаррири Аҳмаджон Мухторов газетага Нарпай, Пахтачи, Хатирчи ва Советобод (ҳозирги Нуробод) туманлари бўйича мухбирликка муносиб журналист кераклигини айтди. Биз сенинг номзодингни тавсия қилдик. Самарқандга бориб, Аҳмаджон ака билан учрашиб кўрсанг”, деди. Устознинг сўзини икки қилмай, Аҳмаджон Мухторов ҳузурига ошиқдим. У киши илиқ кутиб олди. Ўзимни таништирдим.
- Бирга ишлайдиган ҳамкасбларингиз сиз тўғрингизда илиқ гапларни айтишди. Умуман, бизга ёзиб юбораётган мақолаларингиз ёмон эмас. Аммо турли мавзуларда, кенг қамровли, таҳлилий ва танқидий материалларни кўпроқ ёзиш керак... Хуллас, бизда ишлаш ниятингиз борми? – деди у жиддий.
- Ишламоқчиман, дея бош қимирлатдим.
- Бўлмаса, бугундан бошлаб синов шарти билан ишга қабул қиламиз. Ҳозир муҳаррир ўринбосари Отахон Хўжаевнинг ёнига бориб, топшириқ олинг. Ишларингизга муваффақият тилайман, - дея қўлимни сиқиб хайрлашди.
Қабулига кирганимда салобати босган бўлса-да, қушдек енгил бўлиб чиқдим.
Аҳмаджон Мухторовни жамоатчи мухбирлар билан учрашувларда, йиғилишларда кўрган бўлсам-да, у билан биринчи учрашувим ана шундай бошланди.
Аҳмаджон ака билан қатор йиллар бирга ишлаб, ундан газетачилик борасида кўп нарсаларни, соҳанинг сир-асрорларини ўргандим. Бу олижаноб инсонни қатъиятли, билимдон, ташкилотчи, ташаббускор ва дилга яқин устоз сифатида қабул қилдим. У ижодий ходимларга берилган топшириқларнинг ижросини қатъий талаб қиларди. Мақола, лавҳа, очерк ёки танқидий материалларнинг юзаки ёзилишига йўл қўймасди. Газетанинг ҳар бир сони, ходимларнинг иш фаолияти жиддий таҳлил қилинарди.
Таҳририят йиғилишларидан бирида ёзувчи ва драматург, газета мухбири Яздон Худойқуловнинг ҳафта давомида бирор сатр ҳам материал бермаганлигини танқид қилиб, пировардида шундай дегани ҳамон ёдимда.
- Биз сизни иқтидорли драматург сифатида ҳурмат қиламиз. Аммо сиз бизнинг сайёр мухбиримиз эканлигингизни ҳам унутманг...
Шундан сўнг Яздон ака мухбирлик фаолиятида ижобий ўзгариш ясади...
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, у фақатгина бошқарув ишлари билан банд бўлиб қолмасдан, мазмунли, ҳозиржавоб ва долзарб мавзулардаги мақолалари, танқидий чиқишлари билан ҳам бошқаларга ўрнак бўларди. Газетанинг деярли ҳар бир сонида “Аҳмаджон Мухторов” ёки “Аҳмаджон Ғуломов” имзоси билан мақолалар бериларди. Айниқса, унинг мақолаларга сарлавҳа топиш қобилиятига тан берардик. “Сарлавҳа материалнинг ойнаси бўлиши керак. У мақоланинг бутун мазмунини очиб бериши лозим”, дея таъкидларди Аҳмаджон ака. Шу туфайли у ҳар бир саҳифанинг макетини албатта, кўздан кечирар, баъзан газета саҳифаланаётганда айрим материалларнинг сарлавҳасини шундай ўзгартириб қўярдики, уни тайёрлаган муаллиф қойил қоларди.
Сайёр мухбирларнинг таҳририятга яқин бўлиши учун Самарқанд давлат университети ётоқхонасидан иккита хонани ходимларга ажратилишини таъминлаганди. Жойлардаги сайёр мухбирлар ёки узоқдан қатнаб ишловчи мухбирлар вақти-вақти билан шу ерда истиқомат қилишар ёки газетага навбатчилик пайтида дам олишарди.
Аҳмаджон ака меҳнатни қадрлайдиган, қўл остидагиларга нисбатан ғамхўрлик қилишни унутмайдиган инсон эди. Ўзим қишлоқда яшасам-да, уйим йўқлиги туфайли қатор йиллар ижарама-ижара сарсон бўлганман. Устознинг ғамхўрлиги, саъй-ҳаракати туфайли Оқтош шаҳридан уч хонали квартира ажратиб беришди. Унинг тавсияси билан 1977 йилда собиқ иттифоқ журналистлар уюшмасининг фахрий ёрлиғига сазовор бўлдим. Кейинчалик “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвонини олишимда ҳам Аҳмаджон Мухторовнинг бевосита хизмати борлигини инкор этмайман.
У асос солган “Халқ сўзи” газетасида фаолият кўрсатган йиллари кўпчилик ҳамкасбларимиз уни “Республиканинг биринчи рақамли журналисти” дея эътироф этишарди. Аҳмаджон ака бу эътирофга лойиқ эди.
Мустақил Ўзбекистонимизда бўлаётган оламшумул ўзгаришларни, халқнинг қалб туғёнларини, давр руҳини матбуот саҳифаларида ёрқин сатрлар билан дадил ифодалаб бераолган оташин журналист, меҳрибон устоз эди Аҳмаджон ака.
Ризо ХУДОЙҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.