Эски чироқ – 150 минг сўм зарар

Қишлоқда яшайдиган дўстимникига меҳмонга бордим. Отаси қурган пастқам, кўримсиз уйни бузиб, икки қаватли иморат қурибди. Янги уйдаги жиҳозлар деярли замонавий.
- Отам қурган иморатлардан ҳу анави оғил қолди, жўра, - деди у ҳовлининг нариги чеккасидаги молхонани кўрсатиб. – Уни бузмоқчи эмасман. Таъмирлаб қўяман, замонавий тилда айтганда, реконструкция қиламан.
- Яхши, - дедим молхонага тикилиб туриб. – Ҳозир чекка ҳудудларгаям маданият кириб боряпти. Қишлоқ одамлари ўзлари учун шаҳардагидан қолишмайдиган даражада шароит яратиб оляпти. Масалан, сиз ҳам кўпчилик ҳавас қиладиган янги уйга кўчиб кирибсиз. Чироқларнинг ҳам замонавийларини ўрнатибсиз, молхонаникини ҳисобга олмаганда.
- Ҳа, сиз ҳам устимдан куляпсиз шекилли, - деди жилмайиб дўстим. - Тунов куни шаҳарда яшайдиган опам ҳам меҳмонга келиб, шу ҳақида гапирди. Нима эмиш, отам замонидан қолган лампа бутун Ўзбекистон бўйича фақат менинг ҳовлимда қолганмиш. Опамга ҳазил аралаш жавоб қайтардим. Бундан уч йил олдин отам сўнгги нафасини олаётганда, уйимнинг чироғини ёқиб ўтирадиган сенсан, деганда, шу спиралли лампани назарда тутгандир, дедим. Аслида, шуни янгисига алмаштиришга ҳеч қунт қилмаяпман. Ростданам отам тирик пайтида қўйилган чироқ бу. Муддатини ўтаб бўлган.
- Устингиздан кулишмас, жўра, янги уйга LED чироқлари ўрнатганингиздан кейин энергия ҳам анча тежалаётганиниям сезаётгандирсиз, - дедим. - Болалигингизда, катта бўлсам “экономист” бўламан, деб ёниқ турган чироқларни ўчириб юрардингиз.
- Ҳозир ҳам шундай. Шукурки, бу одатим фарзандларимгаям ўтган. Молхонанинг чироғи ёниқ турганига эътибор берманг. Зарур бўлмаган пайтда ўчиқ туради доим. Шу кунларда сигирим туғиш арафасида. Мабодо бузоқчаси кечаси туғилиб қолса, бу ёруғ олам, дегани бунча қоп-қоронғу бўлмаса, деб ўйламаслиги учун ёқиб қўйганман.
- Ҳазилниям оласиз-да, дўстим!
- Ҳазилдан ташқари бир гап, - дея гапида давом этди у яна кулимсираб. - Яқинда бир “тадқиқот” ўтказдим. Бошқа чироқларни ўчириб, молхонаникини ёқиб қўйдим ва ҳисоблагичга қарадим. 8 соат ичида 1,2 кВт/соат электр энергияси сарфланибди. Кейин битта LED лампани 8 соат ёқиб қўйдим. Бу вақт ичида 0,16 кВт энергия сарфланибди. Шундай қилиб, агар эски чироқни замонавийсига алмаштирсам, бир кунда тахминан 450 сўм, бир йилда 150 минг сўмдан кўпроқ фойда қиларканман.
- Қойил, “экономист” дўстим!
Дарҳақиқат, 150 ваттлик анъанавий чироқ ўрнини 22 ваттлик LED лампа боса олар экан. Масалан, спиралли чироқ ўзидан ёруғлик тарқатиши билан бир қаторда иссиқлик ҳам чиқаради. Бу эса энергия сарфини оширади.LED чироғи эса унга нисбатан анча тежамкор.
Бугунги кунда ҳаётимиз электр энергияси билан чамбарчас боғлиқ. Уйда, ишхонада, кўчада - ҳар жойда электр энергияси биз учун хизмат қилади. Аммо уни оқилона ва тежамкорлик билан ишлатиш ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчи бўлиши керак.Агар биз электрни тежашни одат қилсак, нафақат чўнтагимизга, балки табиат ва келажак авлодларимизга ҳам фойда келтирамиз.
Тўлқин СИДДИҚОВ.