2021 йил нима деб номланганлиги ёдингиздами?

Ҳар янги йил байрами арафасида йилнинг нима деб номланишини интиқлик билан кутамиз. Ном берилгандан кейин эса йил давомида қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақида муҳокамага киришамиз.

Аммо орадан ойлар ўтиб бу ном бироз эсимиздан чиққандек бўлади. Хуллас, шу мавзуда одамлар орасида ижтимоий сўров ўтказдик. Ўйлаганимиздек, йил номи кўпчиликнинг ёдидан кўтарилган экан. Сўров натижалари ва мутасаддилар фикрлари билан видеолавҳа орқали танишишингиз мумкин.

- “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинган 2021 йилда мамлакатимизда, жумладан, вилоятимизда ёшларга қаратилаётган эътибор алоҳида, - дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ҳусан Тўхтаев. – Улар билан ишлашда алоҳида тизим яратилди. Ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилиб, қарийб 1,5 триллион сўм маблағ йўналтирилган. 70 мингдан ортиқ йигит-қизлар “Ёшлар дафтари”га киритилди. Уларнинг 68 мингдан зиёди “дафтар”дан чиқарилган. Ёшларни “дафтар”дан чиқарилиши вилоятимиздаги 64 сектор кесимида таҳлил қилинганда 500 га яқин камчилик аниқланган. Бунга йўл қўйган сектор котиблари жавобгарликка тортиляпти.

- Бугунги кунда вилоятимизда 245 та муассасада аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келиняпти, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Суҳроб Зайниев. – Шу йилнинг ўтган 6 ойи давомида 6 та оилавий шифокорлик пункти ва 4 та қишлоқ оилавий поликлиникаси очилди. Шунингдек, ихтисослаштирилган юқори самарали тиббий хизматни  кўрсатиш мақсадида вилоятимиздаги даволаш диагностика марказларида республикамизнинг 8 та илмий-амалий тиббий марказларининг филиаллари очилди. Аҳамиятлиси, шу пайтгача хорижда, пойтахт ва вилоят марказидаги тиббиёт муассасаларида амалга оширилган жарроҳлик амалиётлари бугунги кунда туманлардаги шифохоналарда ҳам бажарилмоқда. Бу аҳолининг узоғини яқин, оғирини енгил қиляпти.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов.

***

Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант лойиҳаси асосида тайёрланди.