2021 йилда Самарқанддаги 130 объектда қурилиш ишлари учун 825 миллиард сўм маблағ йўналтирилади
Вилоятда 2020 йил Инвестиция дастури асосида 101 та ижтимоий соҳа объекти қурилиши учун 376 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бунда 32 мактаб, 41 та мактабгача таълим муассасаси, 19 та соғлиқни сақлаш, 2 та олий таълим ва бошқа турдаги 7 та объектда қурилиш-реконструкция қилиш ишлари режалаштирилган.
Бу ҳақда вилоят бош архитектори Ҳаёт Мирзаев иштирокидаги брифингда маълум қилинди.
Ҳозиргача объектларнинг 99 таси фойдаланишга топширилган ва қолган объектларда жорий йилда қурилиш-таъмирлаш ишлари давом эттирилади.
2020 йилда Инқирозга қарши курашиш дастури асосида 28 та мактаб ва мактабгача таълим муассасасида реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш учун 77 миллиард сўм йўналтирилиб, барча объектлар фойдаланишга топширилди.
Юқорида санаб ўтилган объектлардан жами 48,3 миллиард сўм маблағ иқтисод қилинди. Тежалган маблағнинг 7,2 миллиард сўми 2018 йилда 30 та умумтаълим мактаби учун қурилган спортзал объектлари ва 2,5 миллиард сўм 2019 йилда реконструкция қилинган 1 та соғлиқни сақлаш объектига йўналтирилди. 8,4 миллиард сўм дастурга қўшимча равишда 3 та умумтаълим мактабни мукаммал таъмирлаш ҳамда 11,8 миллиард сўм 6 та мактабгача таълим муассасасини реконструкцияси учун ажратилди.
2021 йилда вилоятимизда инвестиция дастури асосида 130 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб бориш учун 825,1 миллиард сўм йўналтирилади.
Шундан, дастур доирасида 460 миллиард сўм миқдоридаги марказлашган маблағлар ҳисобидан жами 89 та объектда, яъни 39 та умумтаълим мактаби, 16 та мактабгача таълим, 8 та соғлиқни сақлаш, 3 та касб-ҳунар коллежи ва 23 та бошқа объектларда қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.