2021 йилнинг биринчи чорагида бюджет маблағларини энг кўп ноқонуний сарфлаган вазирликлар эълон қилинди
Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2021 йил 1-чоракда бюджет интизомига риоя этилиши ва бюджет маблағларнинг мақсадли фойдаланиши юзасидан 1 905 та (2020 йил 1-чоракда 1 349 та) назорат тадбирларида 211,2 миллиард сўм миқдорида бюджет интизоми бузиш, пул ва товар-моддий бойликлар камомади ва асоссиз харажатлар аниқланиб, шундан 192,3 миллиард сўми бюджетга тикланиши таъминланди.
Ҳисобот даврида вазирликлар ва идоралар бўйича қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликлар қуйидагиларни ташкил этди:
Халқ таълими вазирлиги тизимида ўтказилган 248 та назорат тадбирларининг 198 тасида 43,3 миллиард сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2020 йил 1-чоракка (9,4 миллиард сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 4,6 мартага ошган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ўтказилган 275 та назорат тадбирларининг 212 тасида 23,3 миллиард сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2020 йил 1-чоракка (7,9 миллиард сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 2,9 мартага ошган.
Мактабгача таълим вазирлиги тизимида ўтказилган 289 та назорат тадбирларининг 242 тасида 41,2 миллиард сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2020 йил 1-чоракка (5,4 миллиард сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 7,6 мартага ошган.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида ўтказилган 116 та назорат тадбирларининг 111 тасида 22,4 миллиард сўм миқдорида (2020 йил 1-чоракда 135,4 миллион сўмлик) қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган).
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси тизимида ўтказилган 42 та назорат тадбирларининг 36 тасида 16,1 миллиард сўм миқдорида (2020 йил 1-чоракда 767 миллион сўмлик) қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги (3,3 миллиард сўм), Жисмоний тарбия ва спорт (3 миллиард сўм), Бандлик ва меҳнат муносабатлари (2,7 миллиард сўм), Сув хўжалиги (2,5 миллиард сўм), Олий ва ўрта махсус таълими (2,2 миллиард сўм) вазирликлари, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (2,7 миллиард сўм) ва улар тизимидаги бюджет ташкилотларида ҳам йирик миқдорда молиявий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.