Самарқанд вилоятида 7,9 миллиард сўм бюджет маблағлари ноқонуний сарфланган

Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2021 йил 1-чоракда бюджет маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан амалга оширилган назорат ишлари тўғрисида маълумот тақдим этди.

Унга кўра, маҳаллий бюджетлар маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида жами 189,1 миллиард сўм миқдорида, жумладан Сирдарё (40,2 млрд.сўм), Жиззах (23 млрд.сўм), Андижон (19,8 млрд.сўм), Тошкент (12,1 млрд.сўм), Қашқадарё (11,4 млрд.сўм), Сурхондарё (8,9 млрд.сўм), Фарғона (8,1 млрд.сўм), Самарқанд (7,9 млрд.сўм), Хоразм (6,4 млрд.сўм), Бухоро (6 млрд.сўм), Наманган (5,2 млрд.сўм), Навоий (1,4 млрд.сўм) вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида (16,5 млрд.сўм) ва Қорақалпоғистон Республикасида (21,9 млрд.сўм) қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликлар аниқланган.

Бундан ташқари, ҳокимиятлар (3,4 млрд.сўм), ҳокимликларнинг ободонлаштириш бошқармалари (2,9 млрд.сўм), ҳокимиятлар ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари (34,2 млрд.сўм)да ўтказилган назорат тадбирларида ҳам молиявий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.