2022 йил сарҳисоби: Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишида нималарга эришилди?

Биринчидан, пенсия ва нафақалар ўртача 15 фоизга оширилди, 724 минг нафар эҳтиёжманд аҳолига 380 миллиард сўм берилди.

Иккинчидан, жорий йилда илк бор хусусий секторда ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан кафолатли тўлаш бошланди.

Учинчидан, кам таъминланган оилаларнинг 2 баравари ижтимоий тўловлар билан қамраб олинди (2022 йил бошида 1,2 млн. оила, йил якунида 2,3 млн. оила қамраб олинган. 2021 йилда 6 трлн. сўм, 2022 йилда 11,4 трлн. сўм сарфланган).

Тўртинчидан, пенсиялар ўртача миқдори 1,1 млн. сўмга етказилди ва ўтган йилга нисбатдан 16 фоизга ошди.

Бешинчидан, аёлларга пенсия ҳисоблашда болани парваришлаш даври амалдаги 3 йилдан 6 йилгача оширилди.

Олтинчидан, 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларнинг оналари учун 500 минг сўмдан парваришлаш нафақаси жорий этилди (35,1 минг оилага бир йилда 157 млрд. сўм).

Еттинчидан, 18 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар иш билан таъминланди ва уларнинг сони 63 мингга етди.

Саккизинчидан, эшитиш қобилияти заиф бўлган барча мактаб интернат ўқувчилари замонавий рақамли эшитиш мосламалари билан таъминланди.

Тўққизинчидан, илк бор 4 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар электр юритмали ногиронлар аравачалари билан таъминланди.

Ўнинчидан, 13,6 мингдан ортиқ кўзи ожиз болалар ва катталар замонавий реабилитация техник воситалари билан таъминланди.