Амир Темурнинг Кўксаройида қазишма ишлари олиб борилмоқда

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев зиёлилар ва тарихчи-олимлар билан учрашувда Самарқанд тарихини ўрганиш, Амир Темур саройининг жойлашиш ўрнини комплекс тадқиқ қилиш, тарихий объектларни илмий ўрганиш ва реставрация қилиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берган эди.

Учрашувдан сўнг кўҳна кентнинг тарихи, маданияти, меъморий ва археологик ёдгорликларини ўрганиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳузурида илмий жамоатчилик кенгаши тузилиб, амалга ошириладиган ишларнинг йўл харитаси ишлаб чиқилди. Айни вақтда Самарқанд археология институти олимлари томонидан Амир Темур арки ўрнини аниқлаш мақсадида Кўксарой майдонида дастлабки қазишма ишлари давом этмоқда.

– Жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб археологларимиз томонидан Самарқанд шаҳридаги Кўксарой майдони ва Афросиёб ёдгорлигида қазишма ишлари олиб борилмоқда, – дейди Самарқанд археология институти директори Мўминхон Саидов. – Дастлаб 34 гектар майдонни эгаллаган Амир Темур аркининг тарихий топографиясига аниқлик киритиш, арк ҳудудида жойлашган Кўксарой ва Бўстонсарой қолдиқлари, Шайх Нуриддин Басир мақбарасининг ўрнини тадқиқ қилишни режалаштирганмиз. Хусусан, Амир Темур аркининг шарқий қисмида ҳозирга қадар олиб борилган қазув ишлари давомида ҳудуднинг рельефи кейинги юз йил давомида олиб борилган қурилиш-ободонлаштириш ишлари давомида ўзгариб кетгани аниқланди. Бу юқори қатламнинг қарийб  2-2,5 метргача қисми бузиб ташлангани ёки текислаб юборилганини кўрсатади.

Бундан ташқари, олдинги йилларда олиб борилган археологик ишлар, архив ҳужжатлари, ёзма манбалар ҳамда картографик маълумотлар асосида ҳудуднинг иккинчи ва учинчи қазув майдонларида темурийлар даврига оид топилмалардан кўра, XVII-XVIII асрларга оид сопол буюмлар, уларнинг парчалари, XIX асрнинг охирида пишиқ ғиштдан бунёд этилган қурилиш қолдиқлари кўпроқ чиқяпти. Аркнинг шарқий қисмидан олинган топографик маълумотларга кўра, ҳудудда темурийлар даврида асосан монументал иншоотлар мавжуд бўлган. Энди кейинги йўналишда аркнинг марказий қисмида Кўксарой, Бўстонсарой ва Нуриддин Басир мажмуаси бўйича қазишма ишларини олиб борамиз.

Мўминхон  Саидовнинг таъкидлашича, Самарқанд шаҳрининг энг қадимги даври ва тарихини ўрганиш, изланишларни давом эттириш мақсадида Афросиёб ёдгорлигининг тўртта нуқтасида ҳам қазув ишлари давом этмоқда. Бу ерда фанлараро тадқиқот усуллари ёрдамида шаҳарнинг биоархеологияси, археоботаника ва археозоологияси бўйича намуналар олиниб, тадқиқотлар олиб борилмоқда.