2022 йилги инвестиция дастури: “Шаффоф қурилиш” тизими соҳани ислоҳ қилишдаги мукаммал ечимми?
Жорий йилда вилоятимизда 151 та объектда қурилиш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилади. Умумий қиймати 1 триллион 206 миллиард 462,1 миллион сўмлик объектлар қурилиши учун 11 буюртмачи ташкилот белгиланди.
Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида вилоят қурилиш бош бошқармаси томонидан 2022 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурининг дастлабки чоракдаги ижросига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Маълумотда келтирилишича, вилоят бўйича дастурга киритилган янгидан бошланувчи 120 та объектдан 104 тасининг лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган, 16 тасига (7 та қирғоқбўйини мустаҳкамлаш, 4 та ўрмон хўжалиги, 1 та иссиқлик таъминоти, 4 та ирригация объектлари) лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. 82 та объектга ижобий экспертиза хулосалари берилган бўлса, 91 таси тендер савдоларини ўтказиш учун эълонга жойлаштирилган.
- Қурилишларда шаҳарсозлик талаблари ва қурилиш меъёрларини бажарилиши ҳамда сифат даражасини таъминлаш бўйича вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси инспекторлари “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида ишлаш учун лозим даражадаги планшетлар билан таъминланган, - дейди вилоят бош архитектори вазифасини бажарувчи Сайфиддин Нарзиқулов. - Қурилиш объектларида инспекция томонидан мониторинг жараёнлари ушбу тизим доирасида онлайн режимида амалга оширилмоқда. Бу эса ўз навбатида текширишлар жараёнларининг шаффофлигини таъминлашга ҳамда тизимда коррупция ҳолатларини олдини олишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтириш юзасидан Президентимизнинг 2021 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан Давлат дастурлари ижро этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика штаби ҳамда ҳудудий ва туман, шаҳар штаблари ташкил этилди. Соҳага алоқадор бўлган барча ташкилот ва муассасалардан масъуллар бириктирилиб, прокуратура органларининг назоратида штабларнинг доимий фаолияти йўлга қўйилди.
Штаб аъзолари томонидан объектларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ва камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Ҳар чорак якуни бўйича оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали тегишли соҳа масъуллари томонидан - Давлат дастурлари доирасида ажратилган маблағлар ҳажми ва натижадорлиги, лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳолати юзасидан аҳоли хабардор қилиб борилмоқда.
Бундан ташқари, ушбу дастурлар ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар натижаси Қурилиш вазирлиги томонидан ҳар ҳафта видеоселектор тарзида ўтказиладиган йиғилишда доимий равишда муҳокама қилиниб борилмоқда.
Тадбирда соҳада коррупция ҳолатларининг олдини олиш борасидаги ишлар бўйича ҳам маълумотлар берилди.