2024 йил фотосуратларда: ўтган йилнинг энг таъсирчан тасвирлари

Би-би-си бутун дунё бўйлаб 2024 йилда янгиликлар агентликлари томонидан олинган баъзилари ёрқин, бошқалари эса юракни жунбушга келтирадиган суратларни жамлади.

*АҚШ-Мексика чегарасини кесиб ўтган муҳожирлар сони президент Жо Байден даврида рекорд даражага етди, бу эса ноябрь ойидаги президентлик сайловлари олдидан унга сиёсий бош оғриғини келтириб чиқарди.

*2018 йилда бошланган муҳожирлар сонининг кўпайишига асосан қашшоқлик, зўравонлик, сиёсий репрессия ва табиий офатлардан қочган Марказий америкаликлар сабаб бўлди.

*Индонезиялик қутқарувчилар Ачех провинцияси қирғоқлари яқинида занглаган кемада роҳинжа миллатига мансуб 69 нафар қуёшда куйган ва сувсизланган одамларни топди.

Мамлакат қидирув-қутқарув агентлигининг маълум қилишича, 9 нафар бола, 18 нафар аёл ва 42 нафар эркак қутқариб олинган. Яна 80 га яқин одамни оқим олиб кетгани айтилмоқда. Улар ҳалок бўлгандеган тахмин ҳақиқатга яқин.

* Апрель ойида одамлар Ғазо сектори шимолига ташланган ёрдам қутилари томон югуришмоқда.

Юкларни парашютдан ташлаш синови биринчи марта Иккинчи жаҳон уруши пайтида қуршовдаги қўшинларни зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурол аслаҳа билан таъминлаш учун ўтказилган. Вақт ўтиб, бу усул инсонпарварлик ёрдамини етказиб беришда қўлланила бошланди.

* Тайвань охирги 25 йилдаги энг кучли зилзиладан азият чекди, 7,4 магнитудали зилзила, айниқса оролнинг шарқий соҳилидаги бинолар ва инфратузилмага зарар етказди.

*Апрель ойида ўн миллионлаб одамлар Шимолий Американинг улкан ҳудудини қамраб олган тўлиқ қуёш тутилиши гувоҳи бўлишди.

Ушбу фотосуратда АҚШ пойтахтидаги Жорж Вашингтон ёдгорлиги тепасидаги қуёш тутилиши тасвирланган.

*2023 йил апрель ойида Суданда армия ва кучли ҳарбийлаштирилган гуруҳ ўртасида бошланган можаролар туфайли ўтган йили 10 миллиондан ортиқ одам ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Ачинарлиси, қўшни Чадга қочганларнинг аксарияти аёллар ва болалар бўлди.

*Дональд Трамп Пенсильвания штати Бутлер шаҳрида ўтказилаётган сайловолди митинги чоғида яқин атрофдаги бино томидан қуролли шахс унга қарата ўқ узганидан сўнг саҳнадан олиб кетилди.

Республикачилар партиясидан президентликка номзод ерга ўтириб олди. Ўқ унинг қулоғига тегди. У саҳнадан чиқиб кетаркан, курашишда давом этишига ишора қилиб муштини кўтарди.

* Париждаги 2024 йилги Олимпиаданинг очилиши таассуротларга бой бўлди: минглаб спортчилар Сена бўйлаб кўприклар, қирғоқлар ва томларда ўтирган томошабинлар олдидан сузиб ўтди. Маросим ёпилиши порлаб турган Эйфель минораси фонида бўлиб ўтди.

*Ушбу Олимпиададаги бразилиялик сёрфингчи Габриель Мединанинг ажойиб сурати бутун дунё эътиборини тортди.

Франциялик фотосуратчи Жером Бруйе шу кундаги энг катта тўлқинлардан бири пайтида, вирусга айланган сёрфингчининг суратини олганида, ўзига хос суратга олиш имконияти борлигини билган чоғи...

* Ливаннинг Сидон шаҳрида намойишчилар ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилишига қарши норозилик билдирмоқда. Ҳания Эрон президенти Масуд Пезешкиёни наугурациясида қатнашиш учун келган Теҳрондаги қароргоҳига Исроил томонидан уюштирилган зарба натижасида ҳалок бўлди.

* Июль ойида Калифорниядаги 1500 километр квадрат метрдан ортиқ майдонни қамраб олган кучли ўрмон ёнғинлари ўнлаб уйларни вайрон қилди ва минглаб одамларни ёнғиндан қочишга мажбур қилди. Тергов маълумотларига кўра, ўт қўйиш айблови ёнаётган машинани жарга итариб юборган одамга қўйилган.

*Июль ойида Россия ракетаси Украинанинг энг йирик педиатрия муассасаси Киевдаги Охматдит болалар шифохонасига келиб тушди. Икки киши ҳалок бўлди, бинога катта зарар етказилди.

* Исроил армияси томонидан эвакуация қилиниши айтилганидан сўнг, Ғазо секторидаги фаластинликлар шарқий Хон Юнисдан шикастланган машинада кетмоқда.

Ҳамас билан уруш бошланганидан бир йил ўтиб, октябрь ойида Исроил ҳарбийлари Ғазо шимолидан тинч аҳолини эвакуация қилишни буюрганида юз минглаб маҳаллий аҳоли жануби чизиқига кўчиб ўтишга мажбур бўлди.

Бироқ, жануб ҳам Исроил томонидан бомбардимонга дучор бўлишда давом этмоқда, шу сабабли БМТ ва бошқа гуманитар ташкилотлар Ғазода хавфсиз жойлар йўқлигини таъкидлашади.

* Испания шарқи, жумладан, Валенсияда кучли ёмғирлар оқибатида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Бир неча соат ичида минтақага бир йиллик ёғингарчилик миқдори тушди, сув тошқинлари биноларни ювиб кетди, кўприкларни вайрон қилди, кўчаларни лой ва вайроналарга тўлдириб ташлади.

* 2024 йилнинг 9 октябрида Халқаро космик станцияга туташтирилган «Dragon Endeavor» кемаси Флорида томон йўл олган Милтон тўфонини суратга туширди. Шамол тезлиги 205 километр соатгача бўлган довул Флорида ва қўшни штатларда кенг кўламли вайронагарчиликлар сабабчисига айланди.

* Одамлар шам ва баннерлар билан Жанубий Корея президенти Юн Сук Ёл истеъфосини талаб қилиш учун йиғилишди. Президентнинг ҳарбий ҳолат жорий этишга уриниши авторитар ҳукмдорлар даврларини эслатган Жанубий Корея жамиятини ларзага солди.

* Сурияда Асад кланининг қудрати ниҳосига етди.“Ҳаят Таҳрир аш-Шамисломий қуролли гуруҳи (бир неча мамлакатларда тақиқланган) ўз иттифоқчилари билан биргаликда ноябрь ойи охирида ҳужум бошлади, бу эса кутилмаганда Сурия армияси ва режимнинг қулашини келтириб чиқарди.

Исёнчилар тезда мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри - Алеппони эгаллаб олди ва бир неча кун ичида пойтахт Дамашққа етиб келди. Башар ал-Асад Москвага қочиб кетди.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.