2024 йил учун “ҳайратланарли прогнозлар” тақдим этилди

Даниянинг "Saxo Bank" инвестиция банки 21 йил давомида ўз башоратларини тақдим этиб келади. Таҳлилчилар ушбу башоратларни "бозорларга катта таъсир кўрсатиши мумкин бўлмаган ҳодисалар" деб қарашса-да, аммо эътибордан четда қолдиришмайди. Қуйида "Saxo"нинг 2024 йил учун айрим башоратларини ҳавола этамиз.

Саудия Арабистони Чемпионлар лигасини бир баррел нефть 150 доллар ҳолатида сотиб олади

Саудия Арабистони нефть даромадларига қарамлигини камайтириш ҳамда “сайёҳлик, ҳордиқ ва кўнгилочар жой”га айланиш учун иқтисодиётини тубдан қайта кўриб чиқмоқда. 2024 йил ўрталарида Brent нефти бир баррел учун 150 долларгача кўтарилади, бу Саудия Арабистонига Чемпионлар лигасини сотиб олиш имконини беради. Мамлакат расмийлари энг нуфузли футбол турнирларидан бирини глобал клублар мусобақасига айлантирмоқда. Жаҳон Чемпионлар Лигасининг аксарият ўйинлари Ар-Риёдда бўлиб ўтади.

Вазн йўқотиш туфайли глобал соғлиқ инқирози

"Семизлик учун мўъжизавий дори" - глюкагонга ўхшаш пептид-1 асосидаги препаратнинг машҳурлиги бутун дунё бўйлаб ўсмоқда. Дори нархи пасайиб, расмийлар уни асосий дорилар рўйхатига қўшган. Дори етказиб бериш оммавий талабга жавоб бермагани сабаб уни йиллар давомида кутишади. Одамлар жисмоний машқ ва соғлом овқатланишни тўхтатади, бу эса жиддий соғлиқ инқирозига олиб келади. Дунё бўйлаб катта ёшдаги семизлик даражаси ҳозирги 39 фоиздан 45 фоизга кўтарилади.

Сунъий интеллектдан миллий хавфсизлик инқирозига

Фирибгарлар ривожланган мамлакатларда юқори мартабали амалдорнинг дипфейкидан фойдаланиб, ўта махфий маълумотларни қўлга киритмоқда ва бу Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг катта миллий хавфсизлик инқирозини келтириб чиқармоқда. АҚШ ва Европа Иттифоқи расмийлари сунъий интеллектга қарши курашни бошлади. Жамиятда янгиликларга нисбатан ишончсизлик кучайиб бормоқда, уларнинг 90 фоизга яқини сунъий интеллект томонидан ишлаб чиқарилади, шунинг учун ҳам расмийлар янгиликларни фақат кичик бир гуруҳ ташкилотларга тарқатишга рухсат берган.

Кичик Роберт Кеннеди АҚШ президенти бўлади

2024 йилда АҚШ тарихида биринчи марта учинчи партия номзоди кичик Роберт Кеннеди президентлик сайловларида ғалаба қозонади. Унинг "уруш қўзғатувчи демократлар ва корпоратив элитага қарши" қаратилган популистик хабарларини норози демократлар ҳам, республикачи Доналд Трамп тарафдорлари ҳам қўллаб-қувватламоқда. “Сайловчилар кескин тенгсизлик, адолатсизлик ва чексиз урушларга чек қўйишни талаб қилаётган бир пайтда, Қўшма Штатларда плутократиядан кескин юз ўгирган янги сиёсий давр бошланмоқда”.

Шунингдек:

• Савдо камомадига эга бўлган олтита давлат бошқа мамлакатлар билан жаҳон савдосининг янги шартларини биргаликда музокара қилиш учун янги "Рим клуби"ни ташкил қилади.
• Япония банки давлат облигацияларининг даромадлилиги бўйича ўзининг қаттиқ чегарасидан воз кечади, бу эса глобал облигациялар бозорларининг қулашига олиб келади.
• Европа Иттифоқи миллиардерларга 2 фоизлик солиқ жорий қилади, бу эса ҳашаматли товарларга талаб пасайишига ва LVMH, Porsche ва Ferrari акцияларининг пасайишига олиб келади.