2025 йил сарҳисоби: Самарқанд ҳунармандчилиги - ютуқлар, имкониятлар ва янги режалар
Кейинги йилларда мамлакатимизда ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркин фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2025 йил бу борада самарали натижаларга бой йил бўлди.
Бугунги кунда уюшмамизнинг аъзолари сони 2 минг 100 нафарга яқинлашди, фақат 2025 йилнинг ўзида 101 нафар янги ҳунарманд уюшмага аъзо бўлди. Бу кўрсаткич ҳунармандчилик соҳасига бўлган қизиқиш ортиб бораётганини яққол намоён этади.
Йил давомида ҳунармандга жами 1 миллиард 750 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. Шунингдек, “Уста–шогирд” анъанаси асосида мактаб ташкил этган 54 нафар ҳунармандга шогирд тайёрлаш учун 855 миллион сўм субсидия берилди.

Амалга оширилган қўллаб-қувватлаш чоралари натижасида кулолчилик, қўлда гилам тўқиш, заргарлик, миллий қўғирчоқлар ясаш, ёғоч ва мис ўймакорлиги каби ўнлаб ҳунар турлари янада ривожланди. Қўлда тайёрланган маҳсулотлар ҳажми ошди, 4 562 та янги иш ўринлари яратилди ҳамда “Уста–шогирд” мактабларига 2 минг нафарга яқин шогирд бириктирилди.
Яратилган имтиёзлар туфайли йил давомида ўтказилган 60 дан зиёд республика ва халқаро кўргазма ҳамда ярмаркаларда 325 нафар ҳунарманд ўз маҳсулотлари билан иштирок этди. Бу эса маҳаллий ҳунармандчилик маҳсулотларининг халқаро бозорга чиқишига хизмат қилди. Натижада айрим ҳунармандларимизнинг хорижий давлатларда кичик устахоналари ёки “мастер-класс” ўтказиш майдончалари ташкил этилди.
2026 йил учун ҳам режаларимиз салмоқли. Жумладан, келгуси йилда жами 4 минг 550 та янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган бўлиб, шундан 550 таси ҳунармандлар, 4 мингтаси эса шогирдлар ҳиссасига тўғри келади. “Уста–шогирд” анъанаси асосида мактаб ташкил этган 294 нафар ҳунармандга шогирд тайёрлаш учун 1 миллиард 95 миллион 943 минг сўм ажратиш режалаштирилган.
Шунингдек, 2026 йилда вилоятдаги 902 нафар ҳунарманднинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 38 миллиард 955 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилиши белгиланган.
Хулоса қилиб айтганда, 2025 йил ҳунармандчилик соҳасини ривожлантириш, миллий анъаналарни асраш ва аҳоли бандлигини таъминлаш йўлида муҳим қадамлар қўйилган йил бўлди. Келгуси йилда ҳам мазкур ишлар изчил давом эттирилади.

Умид Ҳакимов,
“Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи.