2025 йилда давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўлови ставкалари тасдиқланди

Самарқанд вилоятида 2025 йилда давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида

Самарқанд вилояти ҳокимининг Қарори

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 декабрдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 660-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг (2024 йил 30 декабрдаги 01/23-18/1276-сон) ҳамда Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирлигининг (2024 йил 29 декабрдаги 02/29-27269-сон) қўшма хати ва Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармасининг 2025 йил 4 январдаги (18-01/2-1-сон) мурожаати ҳамда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари котибияти мудири Р.Махқуловнинг 2025 йил 4 январдаги (05/01-30-сон) билдиргисини инобатга олиб, ҚАРОР ҚИЛАМАН:

1. Қуйидагилар:

Самарқанд вилоятида 2025 йилда давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари 1-иловага;

Саноат зоналари ҳудудларидаги давлат кўчмас мулки объектларини 2025 йилда ижарага беришда қўлланиладиган ижара тўловининг энг кам ставкалари 2-иловага мувофиқ;

Ижара тўлови ставкаларига қўлланиладиган коэффициентлар 3-иловага мувофиқ;

2. Ўзбекистон Республикаси Давактив агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг вилоят ҳудудий бошқармаси (А.Янгибоев)га:

давлат мулкини ижарага беришни ташкил этиш ва ижарага бериш;

ижарага берилган давлат мулкини ва уни ижарага беришдан тушадиган маблағларни ҳисобга олиш ва мониторингини олиб бориш;

ижарага бериладиган давлат мулки бўйича маълумотлар базасини шакллантириш;

ижара объектларидан мақсадли фойдаланилишини ва уларнинг сақланишини, шунингдек, ижара тўловининг ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини назорат қилиш;

давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатлари аниқланганда қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда чоралар кўриш;

фойдаланилмаётган давлат мулки ижарага берилиши тўғрисидаги эълонларни ва ижарага берилаётган давлат мулклари рўйхатларини даврий нашрларда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармасининг ва Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасининг веб-сайтларида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жойлаштирилишини таъминлаш топширилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси “Давактив” агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг вилоят ҳудудий бошқармаси (А.Янгибоев), вилоят солиқ бошқармаси (Э.Толлиев), шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳудудларда ижара муносабатларини тартибга солиш, ижарага берилаётган давлат мулки ҳисоботини тўғри юритиш ва бюджетга қўшимча маблағларни жалб қилиш мақсадида давлат мулкини балансда сақловчилар томонидан ижарага бериш самарадорлигини ошириш ва ташкиллаштиришда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйсин.

4. Вазирлик ва идораларнинг вилоят бошқармалари ҳамда тизим ташкилотлари балансидаги давлат мулкларини хатловдан ўтказсин ва бўш турган ёки самарасиз фойдаланилаётган давлат мулкларини ижарага бериш бўйича ҳар чорак якуни билан ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасигача “Давактив” агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг вилоят ҳудудий бошқармасига бу мулкнинг жойлашган жойи, миқдори, таркиби ва бошқа умумий тавсифлари кўрсатилган маълумотларни тақдим этиб борсин.

5. Давлат кадастрлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси (М.Қувондиқов) ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 5-санасига қадар вилоятда мавжуд давлат мулки объектларининг рўйхатини электрон ҳолатда “Давактив” агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг вилоят ҳудудий бошқармасига тақдим этиб борсин.

6. Вилоят ҳудудида 2025 йилда давлат мулки бўлган бинолар ва хоналарда жойлашган бюджет ташкилотлари учун ижара тўловининг “ноль” ставкаси белгилансин.

7. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари – матбуот котиби (М.Мирзаев) мазкур қарорни “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталарида эълон қилинишини ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминласин.

8. Вилоят ҳокимининг 2024 йил 7 февралдаги “Самарқанд вилоятида 2024 йилда давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 33-7-0-Қ/24-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

9. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Абилов зиммасига юклатилсин.

10. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

Вилоят ҳокими в. б.                            А. Бобоев

2025 йил 29 январь 24-7-0-Қ/25

***