2040 йилда инсоният сув танқислигига учрайди(ми?)

Сув дунёдаги энг муҳим табиий ресурслардан бири. Аммо сув манбалари ҳам абадий эмас.

Таҳлилларга кўра, 2040 йилга келиб, дунёнинг 33 давлати юқори даражада сув танқислиги муаммосига учраши мумкин. Булар орасида Марказий Осиё давлатларининг барчаси, жумладан, Ўзбекистон ҳам бўлиши мумкин. Шу боис сувни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши бўйича қатор назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан 525 та сувга оид қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. 282 ҳолатда майдонни кўллатиш, 97 ҳолатда сувни зовурга ташлаб қўйиш, 35 ҳолатда сувдан шартномасиз фойдаланиш, 13 ҳолатда сувдан мақсадсиз фойдаланиш каби қонунбузилишлар аниқланиб, уларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.

Яна назорат тадбирлари давомида 55 та гидроиншоот ва насос агрегатлари таъмирланди, 21,55 километр масофадаги хўжалик ички ариқ ва зовурлари тозаланди.

Шунингдек инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан 2020 йил ҳосили учун 101 минг 230 гектар суғориладиган ерга экилган бошоқли дон экинларини сифатли суғориш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш юзасидан доимий мониторинг ишлари олиб борилмоқда.

“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ахборот хизмати.