22 июнь - Фашизм собиқ СССРга уруш очган кун: Тарих сабоғи

Иккинчи жаҳон уруши, фашистларнинг собиқ СССРга тинчлик тўғрисидаги битимни бузиб хиёнаткорона бостириб келганлиги тўғрисида матбуотда кўп ва хўб ёзилган. Қуйида урушда ўзбекистонликларнинг  иштироки, халқимизнинг саховати ҳақида айрим маълумотларни келтириб ўтамиз. Ленинград қамали оқибатлари, юқори лавозимли хоинлар тақдири ҳам ўқувчиларни қизиқтириши шубҳасиз.

Салкам 1,5 миллион нафар ўзбекистонлик урушга сафарбар этилди

Немислар 1941 йилнинг 22 июнидан октябрига қадар Минск, Киев, Смоленск каби ўнлаб йирик шаҳарларни ишғол қилиб, Москва остоналаригача етиб борди. Бу шаҳарлардаги аҳоли, айниқса, болаларни Ўзбекистонга кўчириш бўйича режалар ишлаб чиқилди. Уруш давомида Ўзбекистон 100 минг етим болани ўз бағрига олди, уларнинг 4,5 минг нафари сахий инсонлар томонидан асраб олинди. Умуман, уруш даврида Ўзбекистон 1 миллиондан ортиқ кишини ўз бағрига олди.

Ўзбекистоннинг ўзидаёқ 1941 йилнинг ёзи ва кузида кўплаб завод ҳамда фабрикалар мудофаа маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ўтказилган эди. Урушнинг биринчи йилида Тошкентдаги 137 корхонанинг 63 тасида қурол-яроғ, ўқ-дори ва армия учун жиҳозлар ишлаб чиқарила бошланди. Бундан ташқари, Ўзбекистонга 93 та завод ва фабрика кўчирилиб келтирилди. Ўзбекистон 4 йил мобайнида фронтга 2100 та самолёт, 17342 та авиамотор, 17100 та миномёт, 3 миллион дона радиолампа, 330 мингта парашют, кўплаб кийим-кечаклар, қуруқ озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берди.

1940 йилда Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли бор эди. Уларнинг 1 433 230 нафари урушга сафарбар этилди, улардан 450 минг нафари ҳалок бўлди, 132 670 нафари бедарак йўқолди, 60 452 нафари майиб-мажруҳ бўлди.

338 нафар ўзбек жангчилари “Совет Иттифоқи Қаҳрамони” ва 53 нафари “Шуҳрат” орденининг ҳар учала даражасини олди, аммо аксарияти фронтдан қайтмади. Умуман айтганда, урушга кетганларнинг учдан бири жанггоҳларда ҳалок бўлди.

Ленинград қамали

1941 йилнинг 30 августида  Ленинград қамали бошланди. Бу шаҳар 871 кун Катта ердан узиб қўйилди. Урушгача бу шаҳарда 2,5 миллион аҳоли яшаган бўлса, қамал тугагунча (1944 йилнинг 23 январига қадар) 1,2 миллион киши бомбалар тагида қолиб, очликдан ёки бошқа сабабларга кўра ўлим топди. Шаҳар озод этилган кунда унда атига 560 минг аҳоли қолгани маълум бўлди. Қамалда қолганлар орасида шаҳарда муқим яшайдиган ўзбек оилалари, хизматни ўтаётган  ҳарбийлар, Ўзбекистонлик талабалар ҳам бор эди. Уларнинг қисмати ҳам бошқаларникидек кечди. Уларнинг сонини аниқ билмадигу лекин саноқлисигагина Ўзбекистонга қайтиш насиб этди.

Агар хоинлар бўлмаганда...

Фашизм билан бўлган урушда 4 миллион Қизил Армия жангчилари асирга олинган. Албатта, улар орасида беҳуш, ярадор, қутқуларга учганлари, қийин шароитга дош беролмаганлар, бойлик ёки мансабга интилганлар, ҳатто ихтиёрий асирга тушганлари бўлган.

Фашизм билан бўлган урушда Власов, Закутньй, Благовешенский, Малышкин, Трухин сингари генераллар, бригада комиссари Жиленков ихтиёрий равишда жангчилари билан бирга немисларга асир тушганлар. Агарда юқорида номлари тилган олинган олий мартабали саркардалар хоинлик йўлига ўтмаганларида бу уруш сал бўлса-да эртароқ якун топган  бўларди...

Иззатулла Норқувватов тайёрлади.