23 февраль кимнинг байрами?

Бугун ёши катта зиёли танишимдан СМС табрик олдим. "Сизни армиямиз байрами, ҳарбийлар, эркаклар куни билан табриклайман" деб ёзибди. Очиғи, ҳарбий хизматга ҳам бормаган бу кишининг табриги мени қувонтирмади, аксинча, таъбимни хира қилди.

Тўғри, собиқ совет армияси ташкил топган кун бундан 32 йил илгари бизда ҳам нишонланар эди. Аммо бу армия, аввало, юртимиздан анча узоқ минтақада ташкил этилгани ва шу армия сиёсати туфайли мардикорликда, Иккинчи жаҳон урушида, Афғон урушида кўплаб юртдошларимиз жон берганини бот-бот айтяпмиз, ёзяпмиз-ку! Қолаверса, ўзимизнинг, Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил топган кун - 14 январни ҳарбийлар байрами сифатида нишонлаймиз-ку!

Бировнинг кўнглини оламан, кайфиятини кўтараман, десак, бизда яхши кунлар, байрамлар камми? Бинобарин, 35 ёшгача бўлганлар бу санани билмайди. Демак, айрим ёши улуғлар қиляпти бу ишни.

Хуллас, ҳар бир ҳаракатимизда миллатимиз шаънини ўйлашимиз, ёшларимизни чалғитмаслигимиз лозим, деб биламан.

Фармон ТОШЕВ.