24 март - Бутунжаҳон силга қарши курашиш куни: Шундай касалликки, сезмай қолиш мумкин, йўқотиш қийин, унутишнинг иложи йўқ

Сил касаллиги – бу ҳаво томчи инфекцияси. У кўпинча ўпкага зиён етказади. Лекин бошқа органларга, масалан, суяклар, тери, ичакка ҳам “ҳужум” қилиши мумкин.

- Ўтмишда сил касаллигига чалинган инсон молиявий аҳволи ва ёшига қарамай ҳаётдан кўз юмарди, - дейди вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази олий тоифали врач-фтизиатри Абдували Ашуров. - Бугунги кунда бу касаллик ўтмишдаги каби қўрқинчли эмас. Бироқ тиббиёт соҳасида эришилаётган ютуқларга қарамасдан, уни сезмай қолиш мумкин, йўқотиш қийин, унутишнинг эса иложи йўқ.

Касалликни юзага келтирадиган бактериялар муайян соҳаларда яллиғланишни келтириб чиқаради. Оқибатда тўқималарда тугунлар ва некроз ўчоқлари, яъни ўлик тўқималар ҳосил бўлади. Улар туфайли органлар нормал ишлай олмайди, тана эса умумий интоксикация билан жавоб қайтаради.

Агар иммунитет ёки дори-дармонлар касалликни вақтида тўхтатмаса, инсон ҳаётдан кўз юмиши ҳам мумкин.

Савол туғилади: сил касаллиги қандай ва қаерда юқиши мумкин?

Инфекциянинг асосий ўчоғи – бемор инсонлар. Шундай бўлса-да, ушбу касалликнинг жониворлардан юқиш эҳтимоли ҳам бор. Атрофда касаллар қанча кўп бўлса, инфекцияни юқтириш хавфи шунча юқори бўлади. Йирик шаҳарларнинг одамлар гавжум жамоат жойларида бундай беморларга тўқнаш келиш ҳеч гап эмас.

Ёмони, беморларнинг аксариятида касалликнинг ёпиқ шакли учрайди. Яъни, бактериялар организмни кемириб боради. Лекин атроф-муҳитга ажралмайди. Силнинг очиқ шакли эса атрофдагилар учун (беморларнинг ўзи учун ҳам) жуда хавфли. Шунинг учун уни шифохонада даволаш зарур. Силнинг очиқ шаклидан азият чекувчи кишилар билан узоқ вақт мулоқотда бўлиш – катта хавф. Ушбу дардга дучор бўлиш хавфи юқори бўлган жойлар одамлар яхши овқатланмайдиган, гигиенага риоя қилмайдиган тор, совуқ, зах иншоотлардир.

Ноқулай шароитларда яшовчи ҳамда иммунитети паст кишилар хавф гуруҳига киради. Бундай шарт-шароитларда сил яширин шаклдан фаол шаклга ўтади. Касаллик тўлақонли овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи бўлмаган жойларда кенг тарқалади.

Сил касаллигининг белгилари қуйидагилардан иборат бўлади: беморнинг ҳарорат 37-37,5 С гача кўтарилади, енгил иситмалайди, ҳолсизлик, тез чарчаш сезилади. Шунингдек, вазн йўқотади, иштаҳаси буғилади, сабабсиз оза бошлайди. Болалардаги ўсишнинг секинлашиши ҳам сил белгиси бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, кучли терлаш, айниқса, тунда кўкрак қафасида оғриқ туриши, ҳафталаб кетмайдиган йўтал ҳам мазкур хасталик белгиларидан ҳисобланади. Касаллик авж олганда балғамда қон кўринади. Сил белгилари аста-секинлик билан ривожланади, беморда бу белгиларнинг барчаси бўлиши шарт эмас. Шунинг учун ҳам болаларга манту қилинади, катталар эса флюорографиядан ўтиш керак бўлади. Бу жараён ҳатто касаллик ўзини намоён қилмаганда ҳам уни аниқлаш имконини беради.