24 мингга яқин сайловчи муддатидан олдин овоз берди
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси ўтказилди.
Комиссия раиси Ф.Тошев бошқарган йиғилишда округ ҳудудидаги участкаларда муддатидан олдин овоз бериш жараёнининг бориши ҳамда сайловга тайёргарлик билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 13 октябрдаги “Айрим сайлов участкаларида сайлов жараёнини видео-трансляция қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Унга кўра, 7-Самарқанд сайлов округида овоз бериш куни сайлов жараёни онлайн видео-трансляция қилинадиган сайлов участкалари рўйхати тасдиқланди.
Унга кўра, Самарқанд шаҳрида 163-сайлов участкаси, Каттақўрғон шаҳрида 206, Булунғур туманида 210, Жомбой туманида 273, Иштихон туманида 317, Каттақўрғон туманида 379, Нарпай туманида 515, Нуробод туманида 523, Оқдарё туманида 571, Пайариқ туманида 615, Паст Дарғом туманида 713, Пахтачи туманида 799, Самарқанд туманида 867, Тойлоқ туманида 936, Ургут туманида 1007 ва Қўшработ туманида 1069-сайлов участкаларидаги жараёнлар онлайн видеотрансляция қилинади.
Йиғилишдан сўнг матбуот анжумани ўтказилди ва унда округ ҳудудида сайловга тайёргарлик ва шу кунлардаги жараёнлар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланишича, айни пайтда вилоятдаги 1111 та сайлов участкаларининг барчаси сайловга тайёр. Ҳозирда сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш давом этмоқда. Бу жараён бугун соат 19.00 да якунига етади.
Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланмоқда.
14 октябрда бошланган муддатидан олдин овоз беришда бугунги кунгача 23 минг 839 нафар сайловчи иштирок этди.
Ҳозирда сайлов участкаларига сайловчиларни чақириш учун таклифномалар етказиб берилган. Шунингдек, сайлов пандемия шароитида ўтаётгани инобатга олиниб, бир марталик тиббий ниқоб, антисептик воситалар, комиссия аъзолари учун ҳимоя воситалари ажратилган ва етказилган.
Ҳар бир сайлов участкасига икки нафардан тиббиёт ходими бириктирилган ва улар сайлов куни овоз беришга келган сайловчиларнинг иситмасини ўлчаб, саломатлигини сўраб бинога киритади.
Сайлов қонунчилигига кўра, сайловчиларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш сайловга беш кун қолганида тўхтатилади. Якуний рўйхатга кўра, округ ҳудудида сайловчиларнинг умумий сони 2 миллион 189 минг 526 нафарни, жумладан, биринчи марта сайловда қатнашувчи ёшлар 151 минг 676 нафарни ташкил этмоқа.
Овоз бериш 24 октябрь куни соат 8.00 дан 20.00 га қадар амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларида участка сайлов комиссияси, агар рўйхатга киритилган барча фуқаролар овоз бериб бўлган бўлса, овоз бериш тугаганлигини исталган вақтда эълон қилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган сайлов участкаларида сайлов қутиларини соат 20.00 дан олдин очиш ва овозларни санаб чиқишга йўл қўйилмайди.
Жараён Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси билан бошланади. Участка сайлов комиссиясининг раиси комиссия аъзолари, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозирлигида:
овоз бериш бошланганлигини эълон қилади;
сайлов қутиларининг бўшлигини текширади ва уларни бир маротаба ишлатиладиган пластмасса пломбалар билан пломбалайди, пломбалар рақами кўрсатилган ҳолда далолатнома тузилади;
участкадаги рўйхат бўйича сайловчиларнинг сони, олинган сайлов бюллетенлари сони ҳамда муддатидан олдин овоз берганлар ҳақида маълум қилади.
Сайлов участкаларида кузатувчиларга ва оммавийлигини ахборот воситалари вакилларига сайлов жараёнини кузатиш учун шарт-шароитлар яратилади.