3 та юк автомашина иштирокидаги мудҳиш ЙТҲда 3 ҳайдовчи вафот этган
Кеча, 4 июнь куни соат 05:00 да 63 ёшли А.Р. бошқарувида бўлган “Самс” русумли юк автомашинасини Поп тумани Қўшминор МФЙ ҳудудидан ўтувчи “Тошкент-Ош” автомобиль йўлининг 227-километрида бошқариб кетаётганида, тормоз тизими ишламай қолиши туфайли ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмасдан, шу йўналиш бўйича йўлнинг четида тўхтаб турган 26 ёшли А.Ғ.нинг бошқарувида бўлган “Isuzu” юк автомашинага ва 26 ёшли Н.Р.нинг бошқарувида бўлган иккинчи “Isuzu” юк автомашинанинг орқа қисмига урилиб, ағдарилган ҳамда “Самс” юк автомашинанинг кабина қисмида ёнғин юзага келган.
Оқибатда “Самс” юк машина ҳайдовчиси А.Р. ва “Isuzu” юк автомашинадан бирининг ҳайдовчиси А.Ғ.лар ҳодиса жойида вафот этган. Иккинчи “Isuzu” русумли юк автомашинанинг ҳайдовчиси Н.Р. шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Поп тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.