30 дона ўрта осиё чўл тошбақаси сотувдан сақлаб қолиниб, табиатга қўйиб юборилди
Вилоят Экология бошқармаси хабарига кўра, бошқарма ходимлари томонидан Самарқанд шаҳри, Чўпонота массиви ҳудудида назорат тадбирларини олиб бориш жараёнида номаълум шахслар томонидан 30 дона Ўрта Осиё чўл тошбақаси болаларини автомагистраль йўли бўйида сотиб ўтиришгани аниқланган. Бироқ ҳуқуқбузар шахслар ҳолат жойидан қочиб кетишган. Қўлга киритилган 30 дона Ўрта Осиё чўл тошбақаси эса “Зарафшон” миллий табиат боғининг реабилитация марказига топширилган.
Куни кеча мазкур тошбақаларни соғломлиги, яшовчанлиги махсус текширувлардан ўтказиб бўлингач яна табиат қўйнига қўйиб юборилган.
Маълумот учун, бугунги кунда Ўрта осиё чўл тошбақалари сони яшаш жойларининг ўзгариши ва йўқ қилиниши туфайли узлуксиз камайиб бораётгани сабаб «Қизил китоб»га киритилган.
Ҳозирда тошбақанинг табиий яшаши учун яроқсиз ва ўзлаштирилган ҳудудларнинг умумий майдони 300 минг квадрат километрни ташкил этади. Таъкидланишича, сўнгги 60 йил мобайнида хўжалик фаолияти юритилиши натижасида тошбақанинг яшаш жойлари 1,5 миллион гектарга қисқариб кетган.
Ўрта Осиё чўл тошбақаси ўтган асрнинг биринчи ярмидан бошлаб камайишни бошлаган. Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўрта осиё тошбақаси гўштидан кўп миқдорда консервалар тайёрлашда фойдаланилган. 1950—1960 йилларда тошбақа, асосан, иқтисодий эҳтиёжлар учун йиғилган, бироқ очиқ даштда қишлоқ хўжалиги ривожланиши турларнинг яшаш жойлари ва сони сезиларли даражада камайишига олиб келган.
Ўрта Осиё чўл тошбақаси заиф, ҳимояга муҳтож тур сифатида Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро иттифоқи (ТМХИ)нинг «Қизил рўйхати»га киритилган. Охирги 18 йил давомида қонуний ва ноқонуний равишда жами 1 254 100 дона Ўрта Осиё чўл тошбақаси табиатдан олинган ва экспорт қилинган.
Бугунги кунга келиб мазкур турнинг табиий популяциясини сақлаб қолиш мақсадида Ўзбекистон «Қизил китоб»ининг янги нашрига киритилди.
Мутасаддиларга кўра, республика бозорлари ва марказий ички йўл бўйларида тошбақалар очиқ сотилмоқда. Айниқса болалари. Аксарият ҳолатда уларни ўйинчоқ сифатида фарзандига сотиб олиб беришади, кейин эса боқолмай ташлаб юборишади.