30 га яқин автомобиль эшигини бузиб очиб, ўғирлик қилган жиноий гуруҳ ушланди

20 январь куни Тошкент тумани Кўҳинур маҳалласида яшовчи фуқаро Ф.Акбаров туман ИИБ номига ариза билан мурожаат қилган.

У аризасида 2021 йил 19 январдан 20 январга ўтар кечаси ўзи яшаётган уй олдида қолдирган «Сhangan» автомашинасининг эшиги номаълум шахслар томонидан очилиб, автомашина салонида бўлган 1 миллион сўмлик «антирадар» мосламаси, 250 минг сўмлик аудио магнитафон ва бошқа майда буюмлар ҳамда 300 минг сўм миқдоридаги нақд пулларни ўғирлаб кетилганлигини баён қилган.

Ҳолат юзасидан Тошкент тумани ички ишлар бошқармаси тезкор ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ишлари давомида 5 февраль куни ушбу жиноятни содир этганликда гумон қилинган бир гуруҳ шахс (Зангиота туманида яшовчилар 1979 йилда туғилган М.С., 2001 йилда туғилган М.Ш., 1993 йилда туғилган Д.Н., 2003 йилда туғилган Ш.Т. ҳамда 2005 йилда туғилган И.М.)лар қўлга олинади.

Шунингдек, суриштирув давомида ушбу уюшган гуруҳ Тошкент вилояти ва пойтахт ҳудудидан 30 га яқин турли хилдаги автотранспорт воситаларини ғайриқонуний очиб, транспорт ичида бўлган пул ва қимматбаҳо буюмларни талон-торож қилиб келганлиги аниқланади.

Жумладан, улар Тошкент туманидаги Оқтом, Кўҳинур, Кўксарой маҳаллалари ҳудудида 16-20 январь кунлари "Damas", "Lacetti", "Matiz", "Чанган" ва "Cobalt", "Gentra" ва яна бир "Nexia" автомашиналари эшикларини бузиш орқали очиб, ичидаги нарса ва буюмларни талон-торож қилган.

Шунингдек, 3 февраль куни Зангиота тумани ва Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманлари ҳудудидан 21 та ҳар хил турдаги автомашиналар эшикларини бузиб, ичидаги нарса ва буюмларни олиб воқеа жойидан яширинган.

Бундан ташқари, 25 январь куни Зангиота туманидаги хонадонлардан биридан саккиз бош қўйни ўғирлаб, сотиб юборганлиги аниқланган.

Тошкент ИИББ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан ушланган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган.