Қидирувдаги 302 нафар қарздор топилди

Вилоят Матбуот уйида Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Мавзу юзасидан бошқарма бошлиғи С.Жабборов маълумот берди. Унга кўра, 6 ойда бошқарма томонидан 5,7 триллион сўмлик 666.873 та ижро ҳужжати юзасидан амалга оширилган мажбурий ижро тадбирлари ўткакзилган. Натижада 3 триллион сўмлик 306.090 та ижро ҳужжати бўйича якуний қарорлар қабул қилиниб, 1,5 триллион сўмдан ортиқ маблағ ундирилган. Суриштирув ҳаракатларида айбланувчилардан жами 158,5 миллион сўмга яқин зарар ундирилган.

Бундан ташқари, тезкор қидирув фаолиятини амалга оширувчи идоралар билан ҳамкорликда 302 нафар қидирувдаги қарздорлар топилган.

- Вилоятнинг мажбурий ижро соҳасидаги энг оғриқли нуқтаси алимент ундируви ҳисобланади, - деди С.Жабборов. - Вилоятдаги 40 мингдан зиёд ижро ҳужжати ушбу тоифадаги ҳужжатлар ҳисобланади. Ўз навбатида мажбурий ижро бюроси ходимлари саъй-ҳаракати билан 6 ойда 63,4 миллиард сўмдан ортиқ алимент пуллари ундирилди. Мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ишсиз, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган алимент тўловчи қарздорларнинг 1316 нафари ишга жойлаштирилган ва иш ҳақининг маълум миқдори ундирувга қаратилган.

Шунингдек, 102 нафар ундирувчига “Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан 905 миллион сўм зарар пули тўлаб берилган.

Тадбирда тизимдаги муаммолар, ижроси таъминланмаётган айрим ҳолатларга ҳам тўхтаб ўтилди. Жумладан, айни кунда вилоятда 200 нафардан ортиқ ходимлар фаолият олиб боришмоқда, ҳар бир ходимга ўртача 230 мингдан ортиқ ҳужжатлар тўғри келмоқда.

Ходимлар иш юкламаси кўплиги ижро ишини таъминланмаслигига сабаб бўлмайди, бу борада асосий эътибор, рақамлаштириш жараёнига қаратилмоқда.