4 ёшли фарзандини 25 млн сўмга сотмоқчи бўлган аёл ушланди
Чироқчи туманида рўйхатида туриб, Шаҳрисабз шаҳрида вақтинча яшовчи (исм-фамилиялар ўзгарган) 35 ёшли Асила Ачилова ва Китоб туманида доимий руйхатда туриб, вақтинча Шаҳрисабз шаҳри “Лайлакон” маҳалласида яшовчи 43 ёшли Амира Адилова Асиланинг 4 ёшли ўғли Тоиров Тўлқинни сотишга қарор қилади.
Бу ҳолатдан хабар топган Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси, вилоят ИИБ, Шаҳрисабз тумани ИИБ ва ДХХ ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Асила Ачилова ва Амира Адилова Тоиров Тўлқинни Шаҳрисабз тумани “Лолистон” маҳалласида жойлашган умумий овқатланиш шохобчасида харидорга 25.000.000 сўм эвазига сотаётганда қўлга олинди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ИИБ хабар берди.
Ўйга толасан киши, она ўз жигаргўшасини пуллаш эвазига нимага эришмоқчи бўлган?! Энди она фарзанди вояга етганда унинг юзига қандай қарайди. Эл ичида қандай бош кўтариб юради. Бу саволларга, албатта, вақт ўз жавобини беради. Нима бўлганда ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг зийраклиги ва тезкор хатти-ҳаракати боис жиноятчилар “иссиқ излар”да қўлга олинди.