Аввал ҳам бир ўғлини сотиб юборган аёл 3 ёшли ўғлини 4 минг долларга сотаётганда қўлга олинди
Ички ишлар вазирлиги ҳамда Тошкент вилояти ИИБ ходимлари ҳамкорлигида 24 январь куни ўтказилган тезкор тадбирда Қўқон шаҳрида яшовчи М.Қ. таниши З.Қ. билан бирга Нурафшон шаҳрига келиб М.Қ.нинг 2018 йилда туғилган ўғли (А.А.) ни шартли харидорга 4 минг доллар эвазига сотаётган вақтида ушланган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Олиб борилган дастлабки суриштирув ишлари давомида М.Қ. аввал ҳам шу каби ҳолатни содир этиб, учинчи фарзанди 2016 йилда туғилган ўғли (М.Қ.)ни моддий манфаат эвазига бериб юборганлиги аниқланган.
Тезкор тадбирдан сўнг А.А.нинг саломатлиги кўрикдан ўтказилиб, отасига қайтарилган. Суҳбат давомида боланинг отаси аёли М.Қ. уни алдаб, боласини уйдан олиб чиқиб кетганини, бундан хабари бўлмаганини ва қаттиқ таассуфда эканлигини билдирган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан фуқаролар М.Қ. ва З.Қ.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.