41 нафар уйланмоқчи бўлган йигитларда ОИВ инфекцияси аниқланган

Бу 2019 йилги рақамлар. 2018 йилда эса бу кўрсаткич Самарқанд вилоят бўйича 61 тани ташкил қилган. Никоҳдан аввалги тиббий кўрикда аниқланган мазкур ҳолатлардан сўнг томонлар тўйни тўхтатган. Мазкур рақамлар вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳамкор ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишда айтилди.

Анжуманда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова қонуний никоҳдан ўтмай, шаръий никоҳ билан турмушга чиқишга розилик бераётган хотин-қизларнинг кейинги ҳаётида муаммолар содир бўлаётганини таъкидлаб ўтди.

- Ўтган йили хотин-қизлар қўмитаси томонидан мингга яқин шаръий никоҳ билан яшаётган оилалар аниқланди, уларнинг аксариятида муаммолар бор, - деди Г.Алимова. – Айниқса, шаръий никоҳ билан уйлангач, аёлини арзимас сабаблар билан уйига ҳайдаб юбориш, оқибатда аёлларнинг фарзандлари билан кўчада қолиш ҳолатлари кўп. Бу ҳолатнинг олдини олиш учун аҳоли орасида тарғибот ишларини кучайтириш керак. Ўтган йили тегишли ҳужжати бўлмаса-да, никоҳ ўқиган икки нафар расман рўйхатдан ўтмаган муллалар қўмита томонидан прокуратура органларига топширилди.

- Шаръий никоҳнинг яна бир салбий оқибати, никоҳланувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтмаслигидир, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Мўминов. – Масалан, ўтган йили никоҳланувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиши натижасида 41 нафарида ОИВ инфекцияси аниқланган. Агар тиббий кўрикдан ўтмаса, бу рақам 82 та бўларди. Натижада тўй қолдирилди. Бундан ташқари, бир қатор ижтимоий касалликлар аниқланиб, никоҳланувчиларга маълум қилинган. Тасаввур қилинг, агар қонуний никоҳдан ўтмай, шаръий никоҳ билан турмуш қурган ёшларда шундай, ижтимоий хавфли хасталиклар учраса, ўзи билиб, эҳтимол билмаган ҳолатда яна бир инсонни ушбу хасталикка дучор қилади. ФҲДЁ органлари орқали никоҳдан ўтаётган ёшлар эса албатта, тиббий кўрикдан ўтишга мажбур.

Йиғилишда жойларда бу масалага жиддий эътибор қаратиш лозимлиги бўйича тегишли ташкилотларга вазифалар белгилаб берилди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.